Россия Америка маҳкамаси айбдор топган 'Ўлим савдогари'ни ватанига қайтармоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳукуматини қурол савдоси билан қўлга олинган россиялик Виктор Бутнинг маҳкама ишига сиёсий босим ўтказишда айблади.

Россия расмийларига кўра, "Виктор Бут иши"га Америка ҳукумати тўғридан-тўғри аралашган ва ҳукмнинг адолатлилигига шубҳа туғилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқаросини ватанига қайтарилишига эришишни давом эттиришини айтган.

Ғарбда, хусусан Америка матбуотида "Ўлим савдогари" деб танилган Виктор Бут 2008 йилда Таиландда қўлга олиниб, Америкага экстрадиция қилинган.

АҚШ ҳукуматига кўра, Виктор Бут қатор Африка ва Жанубий Америка ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларига қурол етказиб берган.

Виктор Бут ўзининг бизнеси мутлақо очиқ бўлганини таъкидлаб келади.

1990 йилларда у асосан Россиянинг АН траспорт самолётларидан ташкил топган шахсий авиакомпаниясини очади.

АҚШ расмийлари таъкидлашича, у дунёнинг "қайноқ нуқта"ларга қурол етказиб турган.

АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими Скотт Стюартга кўра, Америка махсус хизматлари Виктор Бут фаолиятини анчадан буён кузатиб келишган.

2 ноябр куни Нью-Йорк маҳкамаси Виктор Бутни Америка фуқароларини ўлдиришни мақсад қилганлик ва Америка ҳукумати террорчи деб биладиган гуруҳларга зенит ракеталарини сотиш учун келишганликда айбдор деб топди.

Ҳакам ҳукм 2012 йил 8 февралида ўқилишини маълум қилди.

Виктор Бутга 25 йилдан бир умрлик қамоқ жазосигача бўлган жазо белгиланиши мумкин.

Унинг ҳимоячилари зудлик билан аппеляцияга топширишларини билдиришган.

Виктор Бутнинг хотини Алла эри сиёсий ўйинларнинг қурбони бўлганини айтган.

Айблов томонига кўра эса аксинча чоршанба куни "адолат қарор топган ва жуда хавфли одам панжара ортига ташланган" кун бўлган.

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам Виктор Бут устидан ҳукмни олқишлаганлар.

"Бу жуда яхши кун - дунёдаги йирик қурол савдогари ўз фаолиятини тугатди", -деган Oxfam International ташкилотининг раиси Ойстен Торсен.

"Лекин афсусланарли томони шундаки, бизда ҳали ҳам қурол сотувчиларнинг аниқ рўйхати мавжуд эмас. Улар ҳали ҳам ўз фаолиятларини давом эттиришяпти", - деган у.

"Ўлим савдогари" номини олган Виктор Бут шу қадар машҳур бўлганки, уни машҳур актёр Николас Кейж ўйнаган "Қурол барони" филми қаҳрамонининг прототипи қилиб олишган.

Айтилишича, Бутнинг иши устидан маҳкама жараёни америка махсус хизматлари олиб борган қийин операциянинг хулосаси бўлган.

Айбловда айтилишича, ўзини Колумбия жангари гуруҳининг аъзоси деб таништирган Америка агентлари 2008 йилда Бут билан Бангкокда учрашиб, қурол сотиб олишларини ва Колумбия ҳукуматига ёрдам бераётган АҚШ армиясига қарши ишлатишларини айтишади.

Бут ўзининг айбсизлигини, уларга қурол эмас, фақат учоқ сотмоқчи бўлганлигини айтган.