Дуня Миятович Душанбеда маҳкамага тортилган журналистлар масаласини муҳокама қилмоқчи

osce
Image caption Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Тожикистондаги оммавий ахборот воситалари озодлигидан хавотир билдирган

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович Тожикистонга борган.

Хабар қилинишича, Миятович хоним Тожикистондаги оммавий ахборот вакиллари, ташқи ва ички ишлар вазирликлари раҳбарлари ва Тожикистон парламенти аъзолари билан учрашишни режалаган.

Дуня Миятович тожик журналистларининг, хусусан, Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ҳамда "Нур ва Ҳаёт" рўзномаси мухбири Маҳмадюсуф Исмоилов ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб бир неча бор Тожик ҳукуматига мурожаат этган, уларни озод қилишга чақирган эди.

Миятович хонимнинг айтишича, у бу муаммоларни Тожик ҳукумати вакиллари билан юзма-юз ўтириб муҳокама қилмоқчи.

Тожикистоннинг Суғд вилоят маҳкамаси Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонни "Ҳизбут-таҳрир" диний гуруҳига алоқадор деб топган қарори Би-би-си, бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қораланди.

Хусусан, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Тожикистондаги сўз эркинлиги вазияти ёмонлашаётганидан хавотир билдирди.

Шунингдек, Оврўпо Иттифоқи Би-би-си мухбирининг иши борасида Тожикистон давлати ўз мавқесини очиқлаши лозимлигини таъкидлаган.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Ўринбой Усмонов устидан чиқарилган ҳукмни "қабул қилиб бўлмас" деб атаган. Ўринбой Усмонов ва Махмадюсуф Исмоиловнинг номлари оқланиши ва уларга ҳатто товон тўланиши кераклигини урғулаган. Ташкилот журналистларнинг Олий маҳкамага арз қилиш қарорларини тўла қувватлашини билдирган.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган халқаро Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Тожикистондаги Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ва маҳаллий журналист Маҳмадюсуф Исмоиловларга нисбатан адолатни қарор топтиришга чақирган.