АҚШ "Ҳаққоний" жангари тармоғига қандай қилиб молиявий зарба бермоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Тармоқнинг раҳбарларидан бири деб кўрилувчи Сирожиддин Ҳаққоний яқинда Толибон шундай йўл тутса, ўзлари ҳам тинчлик музокараларига боришлари мумкинлигини баён қилганди

Америка Афғонистон масаласида ашаддий рақиби деб билган "Ҳаққоний" афғон жангари гуруҳининг нуфузли қўмондонларидан бири - Ҳожи Мали Хонни ўзининг "террорчилар" рўйхатига киритган.

Расман баён қилинишича, Хон тармоқнинг базаларига раҳбарлик қилган ва жангариларни қўпорувчилик амалларини бажаришлари учун Покистондан Афғонистонга ташлаш ишларига масъул бўлган.

"Ҳаққоний" тармоғи юқори мартабали қўмондони ҳозир ҳибс остида.

У шу йил сентябр ойида Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош Пактия вилоятида қўлга олинганди.

Аён бўлишича, бундан буёғига АҚШ фуқаролари Хон билан ҳеч қандай олди-берди қилишолмайди ва унинг Америкадаги ҳисоблари ҳам музлатилади.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, Ҳожи Мали Хонни "террорчилар рўйхати"га киритиш расмий Вашингтоннинг тармоқнинг молиявий таъминотини қирқиб қўйиш имкониятларини кучайтиради.

Ва ўз ўрнида, расмий Вашингтоннинг гуруҳга қўпорувчилик амалларини уюштиришга имкон бермаслик қарорида қатъий эканини намоён этади.

Толибон ва "Ал-Қоида" тармоғига алоқаси борлиги айтилувчи гуруҳ Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасидан бошпана топган.

Аммо шу йил август ойида "Ҳаққоний" тармоғи раҳбарларидан Сирожиддин Ҳаққоний ҳозир Покистондан бошпана топишларига ҳожат қолмагани, Афғонистоннинг ўзида бемалол фаолият юрита олишларини айтиб чиққанди.

Аммо афғонистонлик хавфсизлик масъуллари уларнинг бу сўзларини шубҳа остига олишади.

Тармоқ сўнгги ойларда Афғонистонда уюштирилган қатор шов-шувли ҳужумлар ортида турганликда айбланади.

Афғонистон ҳукуматининг Толибон билан тинчлик музокараларидаги бош воситачиси, Афғонистон собиқ президенти Бурҳониддин Раббонийга қарши уюштирилган суиқасд, бундан олдин Кобул шаҳридаги меҳмонхона ва Америка элчихоналарини нишонга олган ҳужумлар шулар жумласидандир.

Хўш, сўнгги янгиликни тармоққа берилган жиддий зарба дейиш мумкинми?

Биз ушбу савол билан афғонистонлик хавфсизлик масъулларидан Асадулла Волволижийга мурожаат этдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳожи Мали Хон

Ҳожи Малик Хоннинг қўлга олиниши "Ҳаққоний" тармоғини вайрон этишда жуда муҳим қадам сифатида кўрилганди.

Халқаро кўмак кучларига кўра, Ҳожи Мали Хон Ҳаққонийлар уруғидаги ёши энг улуғи, бу гуруҳда энг ҳурмат қилинадиган ва сўзларига қулоқ солинадиган, айни пайтда энг юқори даражадаги қўмондонлардан бири деб кўрилади, у Ҳаққонийлар тармоғини бошқараётган Сирож ва Бадриддин Ҳаққонийларнинг қариндоши ҳисобланади.

Афғонистондаги халқаро кучларга кўра, Ҳожи Мали Хон Афғонистондаги "Ҳаққоний" тармоғи билан Покистондаги Толибон ҳаракати ўртасида элчи бўлган.

Айнан "Ҳаққоний" тармоғи сўнгги кунларда Америка билан Покистон муносабатлари ёмонлашишига ҳам сабабчи бўлган.

Бунга Америка расмийларининг "Ҳаққоний" гуруҳининг Покистон махфий хизматлари билан алоқаси бор, деб чиққан баёнотлари сабаб бўлмоқда.

Покистон расмийлари "Ҳаққоний" тармоғи Афғонистонда ташкил топган гуруҳ, дейишади, бироқ вазиятни яхши биладиган журналистларга кўра, гуруҳнинг Покистонда чуқур илдизлари бор, бу эса кўп йиллар давомида бу гуруҳнинг Покистон истиғборот хизматлари билан алоқаси бор, деган гап-сўзлар тарқалишига олиб келган.

Бу айбловларни расмий Исломобод буткул рад этади.