Толибон раҳбари Мулла Умар музокараларга боришини айтмоқда

Афғонистондаги Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Умар Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида Исломий қадриятлардан келиб чиқиб, музокараларга боражакларини айтган.

Мулла Умар илк бор шу йил ўзининг Рамазон Ҳайити табригида шундай ниятда эканликларига ишора қилганди.

Аммо шу пайтгача Толибон раҳбари музокаралар шарти қилиб, Афғонистондаги барча хорижий кучларнинг ортга сафарбарликларини талаб этиб келаётганди.

Афғонистон Олий Тинчлик кенгаши Мулла Умарнинг сўнгги табригидан умидбахш эканликларини айтмоқда.

Толибон ҳаракатининг кўринмас раҳбари Мулла Умар, яна шунингдек, жангарилари афғон халқи билан яхши муносабатда бўлиш учун уларни ҳимоя этишлари шарт эканини ҳам айтган.

Мулла Умарнинг ҳайит табриги ҳаракатнинг веб саҳифасида бир қанча хорижий тилларда чоп этилган.

Инсоний талофатлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг бу йилги ярим йиллик ҳисоботида Афғонистондаги толиблар ва хорижий иттифоқ орасидаги жангларда бир ярим мингга яқин афғон мардуми қурбон бўлганини маълум қилганди.

Бу ўтган йилги рақамлар билан таққосланганда 15 фоизга кўпдир.

Халқаро ташкилот ўлим ҳолларининг аксариятига афғон ҳукуматига қарши кураш олиб бораётган жангарилар масъул, дея урғулаганди.

Мулла Умарнинг айтишича эса, оддий аҳоли орасидаги ўлим ҳоллари муфассал ўрганилиши шартдир.

Толибон раҳбари фуқаролар ҳам жонларини омон сақлаш учун кўзларига қараб юришлари кераклигини урғулаган.

“Оддий мардум қишлоқларни назорат этаётган америкаликлардан йироқроқ юришлари лозим. Чунки улар исёнкорларнинг мўлжалида бўлишади”, деб айтган Мулла Умар.

Толибон раҳбарининг байрам муждаси ҳақида Американинг жангариларнинг веб саҳифаларини текшириб борувчи SITE Intel Group ширкати маълум қилган.

Ғалаба даъвоси

Мулла Умар яна афғон урушида ўз жангариларининг қўллари баланд келаётганини ҳам даъво қилган.

Унга кўра, Америка аҳолиси орасида ҳам Афғонистон можаросини дастаклаётганлар сони камайиб бормоқда.

Аммо Америка бошчилигидаги иттифоқ кучлари бу хусусда бошқача фикрда.

Улар томонидан куни-кеча эълон қилинган маълумотларда шу йил май ойидан бошлаб, исёнчиларнинг ойлик ҳужумлари сони камайиб боргани айтилади.

Аён бўлишича, ўтган тўрт йил бадалида бу каби ҳолат кузатилмаган.

Иттифоқ кучларига кўра, Толибон ўзларига қарши очиқ майдонда жанг олиб боришдан кўра, кўпроқ йўл ёқасида ўрнатилувчи бомбаларни қўллашга ўтиб олган.