АҚШ генерали Афғонистон Президенти ҳақидаги изҳоротлари учун вазифасидан четлатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Генерал Питер Фуллер НАТОнинг афғон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва жиҳозлаш ишларига масъул қўмондони муовини эди.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ва қатор афғон мулозимлари ҳақида айтган ҳақоратомуз гаплари учун Афғонистондаги юқори мартабали Америка қўмондони вазифасидан четлатилди.

Генерал Питер Фуллер НАТОнинг афғон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва жиҳозлаш ишларига масъул қўмондони муовини эди.

Генерал Питер Фуллер "Политико" рўзномасига берган суҳбатида афғон раҳбарияти "ҳақиқий воқеиликдан узилиб қолган"ини айтган.

Эндиликда генерал бошқа ишга тайин этиладими ёки расман истеъфога чиқадими, ҳозирча маълум эмас.

Афғонистондаги Америка кучлари Бош қўмондонига кўра, генерал Фуллернинг изоҳлари Афғонистон билан ўзаро муносабатларини акс этдирмайди.

Пентагон сўзчиси Жорж Литтлнинг айтишича, Америка Мудофаа вазирлиги генерал Фуллернинг суҳбати мазмунидан огоҳ бўлган ва унинг сўзлари расмий қарашларини акс этдирмайди.

Шу пайшанба куни Вашингтонга сафари чоғида берган суҳбатида генерал Фуллер афғон президенти Ҳомид Карзайнинг яхши нотиқ эмаслигини айтган.

"Президентлик сайловлари бўлиб ўтаркан, сиз халқни ўз сўзларига ишонтира оладиган кишига умид қиласиз", деган у.

Генерал Фуллер, ўз ўрнида, афғонистонлик ҳамкасбларига ўзларидаги оғир иқтисодий шароитга қарамай, мамлакати афғон можаросига барҳам беришга уринаётганини ҳам тушунтирмоқчи бўлган.

Генерал уларга, "сиз Американинг йўллари олтиндан, бутун халқи Ҳолливудда яшайди", деб ўйлаётган бўлсангиз керак, деб айтганини сир тутмаган.

Улар Афғонистоннинг хавфсизлиги учун Америка қандай қурбонликларга бораётганини билишмайди, деган ўз суҳбатида Америка генерали.

У НАТОнинг Афғонистонда олиб бораётган тайёргарлик машғулотларини ҳам одамни балиқ тутишга ўргатишга қиёс қилган.

"Сиз инсонга балиқ тутишни ўргатасиз ёки балиқнинг ўзини берасиз. Биз уларни ўргатгунча, балиқ берамиз. Улар эса, яна балиқ беришимизни исташади", деб айтган генерал.

Генерал Фуллердан аввал Обама маъмуриятини танқид қилиб, матбуотга берган суҳбати учун Афғонистондаги Америка кучларининг яна бир бошқа қўмондони генерал МакКристал ҳам истеъфога чиқишга мажбур бўлганди.