Сўнгги янгиланиш 6 ноябр 2011 - 20:22 GMT

Қурбон Ҳайити намозхонлари Москвада транспорт қатновини 'издан чиқардилар'

Москва мутасадди идораларига кўра, 6 ноябр куни Россия пойтахтидаги қаттиқ совуққа қарамасдан, 170 мингдан ортиқ мусулмон Қурбон Ҳайити намозини адо этганлар, айрим жойларда автомобил йўлларида тўсиқ пайдо бўлган.

Масжидларда кўпчиликка жой етмаган, улар ҳаво ҳарорати 0 даражадан пастда бўлса-да, кўчанинг ўзида тиз чўкканлар.

Москва шаҳридаги мусулмонларнинг сони 2 миллион билан 5 миллион ўртасида деб кўрилади, бироқ шаҳардаги масжидлар сони бармоқ билан санарли.

"Албатта янги масжидлар керак. Қаранг, мана шу совуқда қанча одам кўчада турипти. Биз бу ерда эрталабки соат 6 дан бери турибмиз. Лекин намоз ўқишга ҳеч қандай шароит йўқ", деб айтган "Олимпийский" спорт мажмуаси олдидадаги масжидга Ҳайит намозини адо этиш учун келган, ўзини тожикистонлик Маъруф деб атаган сотувчи йигит "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги мухбирига.

Полиция масжид атрофини ўраб олган ва намоз ўқиладиган жойга кирмоқчи бўлганларни махсус металл аниқлайдиган ускуна ичидан ўтказган.

Россия маҳаллий матбуоти хабар қилишича, Москва ғарбида полиция бир қурбонлик келтириш маросимини тўхтатган.

Бунга маҳаллий аҳолининг шикояти сабаб бўлгани айтилган.

Олдинги йилларда Москвада катта кўчанинг ўзида жонлиқ сўйиш ҳоллари бўлган, бу маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган.

Москвада кўп асрлар давомида мусулмонлар жамоаси бўлиб келган, уларнинг сони охирги йилларда Россия жануби, Марказий Осиё ва Қофқоздан борган муҳожирлар ҳисобига кўпайган.

Мусулмонларнинг сони кўпайгани эса шаҳардаги славян аҳоли аксарининг норозилигига сабаб бўлаётгани айтилади.

Бундай душманона муносабат бинони ижарага беришдаги таҳқирловчи талаблардан тортиб ташқи кўриниши славян бўлмаган инсонлар ҳаётига қасд қилишгача бўлган шаклларда кўзга ташланади.

Қурбон Ҳайити муносабати билан Россия Президенти Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин мусулмонларга табрик йўллаганлар.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.