Россия Исроилни Эронга ҳарбий ҳужум қилмасликка чақирди

israel
Image caption Исроил расмийлари Эронга нисбатан ҳарбий амалиётлар эҳтимоли катталигини айтиб чиқишган.

Исроил Президенти Шимон Переснинг Эрон ядро иншоотларига ҳужум қилиш эҳтимолини айтиб чиққандан сўнг Россия Эронга қарши ҳарбий амалиёт катта хато бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

"Бу борада бизнинг муносабатимиз аниқ - бу жуда ёмон оқибатларга олиб келувчи ўта жиддий хато бўлиши мумкин",- деган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвада ўтган матбуот анжуманида.

Якшанба куни Исроил президенти газетага берган интервюсида Исроилнинг Эронга ҳарбий ҳужуми аниқроқ бўлиб бораётганини айтган.

Ноябрнинг бошида Исроил ўзининг янги баллистик ракетасини ҳарбий синовдан ўтқазган эди.

Эроннинг атом қуроли яратиш сари тобора яқинлашаётгани ҳақида далиллар мавжудлиги шу ҳафтада Халқаро атом энергияси агентлигининг ҳисоботида эълон қилиниши кутилмоқда.

Исроил президенти Шимон Перес мамлакат телевидениеси ва матбуотига берган қатор интервюларида "Эроннинг атом қуролини яратаётганлиги ҳақиқат ва буни Эрон атом программаси ҳақидаги музокараларда воситачи бўлган давлатлар яхши билишади", деб айтган.

"Шу сабабли, масалани дипломатик ҳал қилиш йўлларидан кўра, ҳарбий ҳужум эҳтимоли кўпроқ", - деган жаноб Перес.

Душанба куни журналистларнинг саволларига жавоб берган Сергей Лавров Эрон масаласини қурол йўли билан ҳал қилишга қарши чиққан.

"Биз Эрон ташқарисида, яъни ушбу минтақада, хоҳ у Ироқ бўлсин ёки Афғонистон муаммолар қандай ечилаётганини кўряпмиз. Ҳарбий аралашув фақатгина қурбонлар ва жабрдийда инсонларни кўпайтиради холос", деган Россия Ташқи ишлар вазири.

Сергей Лавров айтишича, Эронга қарши ҳарбий куч ишлатиш фақатгина БМТ нинг қарорига биноан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ёки БМТ хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан амалга оширилиши мумкин.

"У ёки бу йўлни танлаш ҳозир кўриб чиқилмаяпти ва умид қиламанки, кўриб чиқилмайди ҳам",- деб қўшимча қилган Сергей Лавров.

Жаноб Лавровга кўра Эрон муаммосини ҳал қилиш бўйича Россия ўз йўлини таклиф қилган.

"Бизнинг таклиф қилган йўлимиз музокаралар столида турибди ва умид қиламанки, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятлари мавжуд", деган Россия ташқи ишлар вазири.

Шу билан бирга Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнежод АҚШ ва Исроилни Теҳронга қарши ҳарбий ҳаракатлардан эҳтиёт бўлишга чақирган.

"Эроннинг имкониятлари ошиб бормоқда. Биз жаҳонда рақобат қиладиган давлатлардан бирига айланяпмиз. Ҳозир Исроил ва ғарб, хусусан, Америка Эроннинг ошаётган имкониятларидан хавотирда. Улар дунёни бизга қарши қайрамоқчи. Лекин улар шуни билиши керакки, биз ўзимизга қарши ҳар қандай ҳаракатга жавоб беришимиз мумкин", - деган Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнежод.