Юлия Тимошенкога қарши солиқ бўйича яна тўртта жиноий иш очилган

tymoshenko Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Украина собиқ вазири Тимошенкога қарши янги айбловлар илгари сурилмоқда

Украина солиқ милицияси мамлакатнинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенкога қарши тўрт жиноий иш бўйича терговни бошлаган.

Уларнинг ҳаммаси 1990 йилларнинг иккинчи ярмида Тимошенконинг "Украинанинг ягона энергетика системаси" ширкатига раҳбарлик қилган даврида солиқни тўламаганлиги даъвоси билан боғлиқ.

Жума куни солиқ милицияси ходимлари Тимошенко хонимга бу ҳақда хабар қилганлар.

Тимошенконинг ҳимоячиси Сергей Власенко тўрт жиноий иш қўзғатилганлиги ҳақида ҳужжат нусхаси тергов идораси ходимлари томонидан Тимошенкога топширилганини журналистларга айтган.

Власенкога кўра, бу жиноий ишлар муддати тугаганлиги боис 2000 йилнинг бошида ёпилган эди.

Октябрнинг охирида Украина Бош Прокурорининг ёрдамчиси Ренат Кузмин Юлия Тимошенкога алоқадор уч жиноий иш кўриб чиқилаётганини, улардан бирини Украина Хавфсизлик хизмати, иккинчиси солиқ милицияси тақдим этган фактлар асосида ташкилот раҳбари сифатида солиқ тўлашдан бош тортиш, учинчиси Украина Олий Маҳкамаси аъзосига суиқасд қилганлик ва Чернигов тергов идорасида инсонга таҳдид ва жароҳатлашга алоқадорлик айблари деб айтган.

Шу йилнинг 11 октябрида Тимошенко хоним 2009 йилда Россия билан табиий газни сотиб олишга келишув орқали хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда айбдор деб топилиб, етти йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Чиқарилган ҳукм Оврўпо Иттифоқи ва Россиянинг танқидига учраган. Украина собиқ Бош вазирининг ҳибсга олиниши сиёсий ҳибс дея таърифланган.

Украина мухолифати Оврўпо Иттифоқига мурожаат билан чиқиб, ҳукуматнинг баъзи вакилларининг банк ҳисобларини музлатиш ва уларга виза бермасликка чақирган эди.

Октябрда Юлия Тимошенконинг "Украинанинг Ягона энергетика системаси" идорасидаги фаолиятига алоқадор яна бир жиноий иш очилган.

Ундаги айблар тасдиқланса, Тимошенко хонимга 12 йиллик қамоқ муддати белгиланиши мумкин.