Сурия Араб Лигаси аъзолигидан ажралиши мумкин

syria Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қурбонларнинг кўпи тўқнашувлар давом этаётган Баба Амр ҳудудидан эканлиги айтилмоқда

Сурия шаҳарларидаги зўравонликларда яна инсонлар ҳалок бўлган.

Сурияда мамлакат хавфсизлик кучлари ва ҳукуматга қарши намойишчилар ўртасида бўлган янги тўқнашувларда камида 19 одам ўлдирилгани айтилмоқда.

Намойишларнинг янги тўлқини хавфсизлик кучлари томонидан Ҳомс шаҳрида бўлган намойишда 27 кишининг ўлдирилганидан бир кун ўтиб бошланган.

Ҳомсдаги мухолифат фаоли Мажид Амирнинг Ассошейтед пресс агентлиги мухбирига айтишича, эрталабки намоз вақтида бошланган портлашлардан маҳаллий мачит деворлари ларзага келган.

" Бу неча кунлардан буён тинимсиз давом этмоқда " деб айтган у.

Қурбонларнинг кўпи Ҳомснинг тўқнашувлар давом этаётган Баба Амр ҳудудидан эканлиги айтилмоқда.

Намойишлар бошланган шу йилнинг март ойидан буён Сурияда уч мингдан ортиқ одам ўлдирилган. Ҳукумат тартибсизликларда " қуролли жангарилар " ва уларни қўллаб-қувватлаётган " чет эллик экстремистлар" ни айблаган.

Араб давлатлари Лигаси аъзолари мамлакатдаги қон тўкишларни тўхтатишни Сурия ҳукуматидан талаб қилмоқдалар.

Акс ҳолда, Би-би-сининг Яқин Шарқдаги мухбирига кўра, Суриянинг Лига аъзолигидан чиқариш масаласи кўрилмоқда.

Ўтган куни чоршанба куни Араб лавлатлари Лигаси илгари сурган режага кўра ҳукумат кучларини Сурия шаҳарларидан олиб чиқиши ва ҳукуматнинг мухолифат билан музокаралар олиб борилиши кўзда тутилган эди.

Сурия Президенти Башар Асад ҳукумат кучларини Сурия кўчаларидан олиб чиқиш ва мухолифат билан музокаралар олиб боришга ваъда берганига қарамасдан зўравонликлар ҳамон давом этмоқда.

Шанба куни Араб Лигаси давлатлари бош котиби Набил ал-Араби келишилган режа бажарилмаса " Сурия учун фожеали оқибатларга олиб келишини" айтган.

Якшанба кунги қон тўкилишларидан сўнг Араб давлатлари Лигаси 12 ноябрда шошилинч йиғилиш ўтқазишни маълум қилган.

Франция Ташқи Ишлар вазири Ален Жюпе "Охирги воқеалар бу режимдан бошқа ҳеч нарсани кутиш керакмаслигини кўрсатган " деб айтган. .