'Истанбул - руҳингизни уйғотувчи шаҳар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Истанбулда илк бор бўлишим эмас, аммо шаҳар ҳар галгидек баланд қаватли гўзал иморатлари, одамларга лиқ тўла, оҳори тўкилиб қолган кўҳна маҳаллалари билан ўзига мафтун этади.

Бу гал жуда тиғиз иш сафари билан борган эсам-да, йўл-йўлакай қатор истанбулликлар билан сўзлашишга муваффақ бўлдим.

Истанбул жуда катта шаҳар. Бу ерда учрашишим керак бўлган одамлардан бири шаҳарнинг бу бурчида, иккинчиси нариги бурчида бўлгани ва вақтим тиғиз экани боис такси хизматидан фойдаланишимга тўғри келди.

Ҳайдовчилару кўча-куйда гаплашиш имкони туғилган одамларнинг бугунги кун ва иқтидордаги ҳукумат ҳақидаги фикрлари билан қизиқдим.

Истанбул манзаралари акс этган суратларни мана бу ерда томоша қилинг

'Жасур инсон'

Суҳбатдошларимнинг аксари Эрдўғон ҳукуматидан рози эдилар. Улар ҳукумат камбағалларга кўп ёрдам кўрсатаётгани, Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг халқаро йиғинлардаги кескин чиқишларини дастаклашларини айтишар ва уни: "Чўқ жасур инсон", дея таърифлашарди.

Аммо, ҳамма ҳам жорий ҳукумат сиёсатидан мамнун эмас эди.

Суҳбатдошларимдан бири ҳукуматни аста-секин, ими-жимида, ҳеч бир шов-шувсиз, Исломий қадриятларни ёйишга уринаётганликда айблади.

Унга кўра, 1923-йилда Мустафо Камол Отатурк асос солган дунёвий Туркия бугунда ноаниқ келажак сари кетаётир.

"Рўмол ўраганлар кўпайиб кетди", дейди у. "Айрим жойларда ишга кирмоқчи бўлсангиз, нақадар тақводорлигингизга, исломий ўтмишга эга ёки эга эмаслигингизга қарайдиган бўлишган", дея қўшимча қилди суҳбатдошим.

Дўкондорлардан бири эса, ҳукуматнинг Исроилга нисбатан сиёсатидан мамнун эмаслигини айтиб қолди.

"Тўғри, Ташқи ишлар вазиримиз Аҳмад Довутўғли "қўшнилар билан муаммолар яратмаслик" сиёсатини йўлга қўйган. Аммо, ҳозир Исроил билан муносабатларни совуқлаштиришаётгани менинг назаримда тўғри эмас. Ҳамма нарсада мувозанат бўлгани тузук", дейди суҳбатдошим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Байроқлар, байроқлар...

Деярли ҳамма жойда Туркия байроқлари ва Мустафо Ота Туркнинг суратлари...

Ҳатто бозорлар ичкарисида ҳам худди шу манзара. Сотилаётган идишларгача мамлакат байроғи сурати солинган.

Суҳбатдошларимдан бири буни Туркия мустақиллик куни яқинлашаётгани билан изоҳлади.

Истанбул сайёҳлик маркази

Истанбул қишин-ёзин сайёҳлар билан тўла. Уларни Истанбулнинг меъморий обидалари жозибаси ўзига тортмай қўймайди

Истанбулдаги энг йирик масжидлардан бири - Султон Аҳмадга бордим.

Ғарбда у "Мовий масжид" номи билан машҳур. Бу ном ундаги мовий рангли ковшинларидан олинган бўлса керак.

Масжид ташқарисида эса, тирикчилик ташвиши... Кимдир олдингизга Истанбулнинг диққатга сазовор жойлари туширилган суратларини кўтариб келса, яна кимдир қайнатилган жўҳорисини тутади.

Сал нарида янги сиқилган анор шарбатини таклиф қилишмоқда. Татиб кўринг, анор сувининг энг зўри Истанбулда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Кўча бозорлари Истанбулда ҳам бор. Йўл-йўлакай ерга ёйилган расталарни кўрасиз.

Сайёҳлар гавжум шаҳарда кабобчиларнинг ҳам қўллари қўлларига тегмайди. Ҳар қадамлар кабобхоналар.

Босфор бўғозида балиқ овлаётган одамлардан бири ўзини Аҳмад дея таништирди.

Мен ундан: "Балиқни нима учун овлайсиз", деб сўрадим.

"Оҳ, биласизми, балиқни ейиш учун тутамиз. Кўплар сотишади ҳам, мен учун бу вақтни ўтказиш учун яхши овунчоқ", дейди Аҳмад.

Босфор устидан ўтган кўприкнинг пастида эса, қатор ресторанлар...Уларнинг қайси бирига кирманг, балиқларнинг турфа хилидан таклиф қилишади. Қовурилган ва ё димланган дейсизми, балиқ шўрвасидан хоҳлайсизми, бир пасда муҳайё қилишади. Истансангиз кўз ўнгингизда пишириб беришларини айтишади.

'Истанбул руҳингизни уйғотади...'

Истанбул Оврўпо ва Осиё қисмларга бўлинган. Босфор бўйидан Осиё тараф кўриниб туради...Бўғознинг у ёғию бу ёғига бориб келаётган кемалар эса, одамлар учун транспорт вазифасини ўтайди.

Яна сал тепароқдан шаҳарга боқсангиз, ғарбона услубдаги осмонўпар бинолар ёнида янгилари қад ростлаётганига гувоҳ бўласиз.

Кўчаларида эса, анъанадор ҳаёт тарзи дунёвий ҳаёт билан бирга шиддат билан оқади.

Хуллас, Истанбул ҳар кимни ўзига ром этади. Бир шоир айтмиш: "Париж руҳингизни жунбушга келтиради, Нью Йорк уни яксон этади, Истанбул эса, руҳингизни уйғотади..."