Саркози Исроил Бош вазири Нетаняхуни ёлғончи деб атади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Франциянинг Канн шаҳридаги йирик 20 лик саммитини ёритаётган журналистлар қулоғига Президент Николя Саркози билан АҚШ Президенти Барак Обама суҳбати чалиниб қолган, унда жаноб Саркози Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняхуни ёлғончи деб атаган.

"Мен бошқа унинг олдида тура олмайман. У ёлғончи", деб айтган Президент Саркози француз тилида.

"Балки у сизнинг жонингизга теккандир. Бироқ мен ҳар куни у билан иш қилишга мажбурман", дея жавоб қайтарган жаноб Обама.

Ўтган ҳафтадаги Канн саммитида бўлиб ўтган ушбу суҳбатни Франциядаги Arret sur Images веб-сайти эълон қилган, мамлакатдаги бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам бундай суҳбат бўлиб ўтганини тасдиқлаганлар.

Би-би-сининг Париждаги мухбири Крисчиан Фрейзернинг хабар қилишича, ўзаро cуҳбат пайтида айтилган бу сўзларни бир неча журналист эшитган.

Қўшма матбуот анжумани чоғи журналистларга таржима жиҳозлари тарқатилган, бироқ уларга эшитиш қулоқчинларини уламаслик маслаҳати берилган.

Маслаҳатга амал қилмаган журналистларнинг қулоғига эса матбуотда эълон қилиниши одобдан деб кўрилмайдиган бу суҳбат чалинган.

Франция оммавий ахборот воситалари бу ҳақда бир неча кун мобайнида сукут сақладилар, боиси француз журналистлари ўзларининг президентини ноқулай аҳволга қўйишни истамаганлар, дейди Би-би-си мухбири.

Le Monde рўзномаси шундай суҳбат бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқатган, бироқ икки мамлакат раҳбаридан иқтибос келтирмаган.

Аммо Исроилда нашр этиладиган рўзномалар ҳеч нарсани яширмасликка қарор қилганлар ва икки раҳбар сўзларини тўла эълон этганлар.

Суҳбатда АҚШ Президенти Барак Обама Франция Президенти Николя Саркозига ЮНЕСКО масаласида танбеҳ берган.

Олдинроқ БМТнинг маданий ташкилоти ЮНЕСКОга Фаластин аъзо мамлакат этиб қабул қилинди, бунга эса АҚШ қарши чиқди.

Жаноб Обама Франция Фаластинни ЮНЕСКОга қабул қилиш қарорини қўллаб-қувватлаганидан норози бўлган.

Би-би-си мухбирига кўра, Канндаги бу суҳбат жаҳон раҳбарларининг Бенжамин Нетаняхуга ишончлари қолмаганини намойиш этади, бунинг эса Яқин Шарқ тинчлик жараёнига таъсири катта бўлиши мумкин.