Сўнгги янгиланиш 8 ноябр 2011 - 13:01 GMT

Поп қироли Майкл Жексоннинг шахсий шифокори қотилликда айбдор деб топилди

Лос-Анжелесдаги ҳакамлар ҳайъати машҳур қўшиқчи Майкл Жексоннинг шахсий шифокори доктор Конрад Маррейни қасддан бўлмаган қотиллик банди бўйича айбдор деб топганлар.

58 ёшли Конрад Маррейга қасддан бўлмаган ёки ўз ихтиёрига қарши одам ўлдириш айблови қўйилган эди.

Етти эркак ва беш аёлдан иборат маҳкама ҳайъати бир қарорга келиши учун икки кун сарфлаганлар.

Майкл Жексон 2009 йил 25 июнида жуда ҳам кучли тинчлантирувчи дори - пропофолнинг кўп дозасини қабул қилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмган эди.

Маҳкама ҳаками ҳайъатнинг қарорини эълон қилган, бироқ якуний ҳукм 29 ноябр куни эълон қилинади.

Агар айбдор деб топилса, Конрад Маррейга тўрт йиллик қамоқ жазоси тайинланиши ва бундан кейин шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланиши мумкин.

Шу пайтгача Конрад Маррей ҳеч қаёққа кетмаслик ҳақидаги тилхат билан эркинликда юрганди, ҳакам эълонидан кейин у кишанбанд этилиб олиб кетилган.

Маҳкама ташқарисида йиғилган марҳум қўшиқчининг ишқибозлари қарорни олқишлар билан кутиб олганлар.

Майкл Жексоннинг синглиси Латойянинг айтишича, оиласи аъзолари бу қарордан мамнун бўлишган.

Маҳкама пайтида доктор Конрад Маррей, Майкл Жексоннинг хонасидан чиқиб кетган пайти қўшиқчининг ўзи уйқуга кетиш мақсадида кўп дозада пропофолни қабул қилган, деб айтган.

Маҳкама қарорини доктор Маррей совуққонлик билан, сукут сақлаб қабул қилган.

Майкл Жексоннинг шифокори устидан маҳкама бир ярим ой давом этди.

Жараён мобайнида 49 шоҳид кўрсатмалари тингланди, 300 та ашёвий далил ўрганилди.

Жаҳон таниган қўшиқчи ўлими олдидан Лондондаги концертига тайёргарлик кўраётган эди.

Майкл Жексон ўлими юзасидан маҳкамада жуда кўп тиббий тафсилотлар келтирилган, бу эса нима тўғрию-нима нотўғри экани борасида қарор қабул қилиши керак бўлган ҳакамлар ҳайъати учун тушунарсиз бўлиб, уларнинг ишини мушкуллаштирган.

Пропофол тинчлантирувчи, игна орқали баданга киритиладиган суюқлик бўлиб, ундан мустақил ҳолда фойдаланиш тақиқланмаган.

Бироқ қоралов томонининг маҳкамада айтишича, доктор Конрад Маррей пропофолни шифохонадан ташқарида ва зарур асбоб-ускуналарсиз қўллаш оқибатлари ёмон бўлиши мумкинлиги ҳақидаги кўрсатмани онгли равишда инкор этган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.