Қарзга ботган Италия Бош Вазири Берлускони сайловда қатнашмаслигини айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Берлусконининг кўплаб тарафдорлари унинг истеъфосини талаб қилишганди

Италия Бош Вазири Силвио Берлускони агар муддатидан аввал сайловлар ўтказилса, уларга ўз номзодини илгари сурмаслигини айтган.

У кеча агар парламент бюджет ислоҳотларини қабул қилса, истеъфога чиқишини ваъда қилганди.

Миллиардер Силвио Берлускони Иккинчи Жаҳон Уруши якун топганидан бери Италиянинг энг узоқ бошқарган бош вазирдир.

"Мен қонун қабул қилиниши биланоқ истеъфога чиқаман, ва, февралга сайловлар белгиланаётган экан, унга ўз номзодимни қўймайман", деб айтган жаноб Берлускони.

Берлусконининг партияси эрта сайловлар ўтказилишини исташади, аммо мухолифат миллий бирдамлик ҳукумати тузилиши тарафдоридир.

Италия парламенти иқтисодни жонлантириш мақсадида жорий ой охиригача янги ислоҳотлар мажмуини қабул қилиши мумкин. Италия иқтисоди Евро ҳудудидаги қарзлар инқирозидан қаттиқ шикаст еган.

Бироқ, Берлускони жаноблари, бюджет бўйича қонунлар қабул қилиб бўлингандан кейингина Италия президенти ва сиёсий гуруҳлари билан келгуси қадамларини муҳокама қилиши мумкин.

Би-би-сининг Оврўпо бўйича муҳаррири Гавин Ҳюит олдинда қийин сиёсий муаммолар ётганини айтади.

Италия ўта ожиз иқтисодий ўсиш суратларидан жабр чекмоқда ва 1.9 триллион евро қарзи остида қолиб кетган.

Айни дамда, Оврўпо Иттифоқининг вакиллик гуруҳи бугун Римга келиб, Италиянинг назорат остидан чиқиб бораётган қарз муаммосини ҳал қилиш йўлидаги қадамларни кузатиб боради.

Италиядаги вазиятни "ўта хавотирли" дея тасвирлаган ОИнинг иқтисодий масалалар бўйича комиссари Олли Рен кузатув хулосаларини ноябр ойи охирида тақдим қилишини билдирди.

Италиядаги дефицит кўрсаткичлари нисбатан паст, лекин сармоядорлар мамлакатдаги суст иқтисодий ўсиш ва баҳайбат қарз миқдори Италияни касод ёқасига етаклаши мумкин деган хавотирдалар.

Мухбиримизга кўра, Италия пойтахти кўчаларида жаноб Берлусконининг истеъфога чиқиши борасидаги эълони осойишта кутиб олинган, кўплар жозибадор бош вазирнинг кетишига шубҳа қилишмоқда.

У ҳозирда коррупция ва вояга етмаган фоҳишага пул тўлаш айблари билан маҳкамага тортилган.