ОИ афғон қамоқхоналаридаги аёллар ҳақидаги филмни намойиш этмоқчи эмас

Мазори Шарифдаги аёллар қамоқхонаси
Image caption Мухбиримизга кўра, Афғонистондаги қамоққа ташланган аёллар ярми 'ахлоқий жиноятлар'да айбланган

Оврўпо Иттифоқи қамоқхонадаги афғон аёллари ҳақидаги ҳужжатли филм намойишига тўсиқ қўйган.

Иттифоқ ўз қарорини "филмга тушган аёллар хавфсизлиги юзасидан ўта жиддий хавотирлар" билан изоҳлаган.

Ҳужжатли филм Оврўпо Иттифоқининг буюртмаси асосида олинган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, филм Афғонистондаги адлия тизими қандай ишлашини фош этиш учун муҳимлигини айтишган.

Кобулдаги Би-би-си мухбири Орла Геринга кўра, Афғонистондаги қамоққа ташланган аёлларнинг ярми "ахлоқий жиноятлар"да айбланган.

Яъни, улар мажбурий никоҳ ва ё зўравон эрларидан қочиб кетиш каби амаллар учун жазоланганлар.

Ҳужжатли филмда 19 ёшли Гулноз исмли маҳкума ҳақида ҳикоя қилинади. У жинсий зўрланганидан сўнг, зинода айбланган.

Жинсий зўрланиши ортидан туғилган қизи ҳам у билан бирга қамоқ жазосини ўтамоқда.

Яқинда унга берилган қамоқ жазоси 12 йилга узайтирилган.

"Аввалига мен икки йилга ҳукм қилингандим", дейди Гулноз. "Ҳукмга қарши ариза берганимдан сўнг, уни 12 йил қилиб қўйишди. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ. Нима учун бу қадар узоқ вақтга жазоланишим керак?"

Афғон маҳкум аёллари бўйича тадқиқот олиб борган Ҳюман Райтс Уотч ходимаси Heather Barrга кўра, Гулнозникига ўхшаш тақдирлар кўп.

У қамоқхоналардаги кўплаб аёллар билан суҳбатлашган. Аёллар ҳам ўз эрлари ва ё яқинлари тарафидан ва ҳам уларни ҳимоя қилиши керак бўлган одамлар тарафидан таҳқирланганлар.

"Сиз такрор-такрор полицияга бориб ёрдам сўраган аёлларнинг қамоққа ташлангани ҳақидаги ҳикояларни эшитасиз", дейди Heather Barr.

Фаоллар Толибон тузуми ағдарилганидан 10 йил ўтса-да, афғонистонлик аёллар ҳамон адолатни кутишаётганини айтишади.

Кўплар учун ҳали янги тонг отгани йўқ, бироқ Гулнознинг эркинликка чиқишига умид бор.

Қамоқхона расмийларидан бирига кўра, унинг номи авф этилган аёллар рўйхатида. Аммо, Гулнознинг ҳимоячиси йўқ ва ҳужжатлар ҳали тасдиқдан ўтиши керак.

Гулноз 18 ой қаршилиги ортидан ўзини зўрлаган одамга турмушга чиқишга кўнгани эвазига бўлиши мумкин.

"Қизимга ота керак", дейди у.

Оврўпо Иттифоқи ҳужжатли филмга тушган Гулнозга ўхшаш аёллар хавфсизликларидан қўрқиб, уни намойиш этмасликка қарор қилди.

Бироқ, инсон ҳуқуқлари фаоллари дунё Афғонистон адлия тизимидаги шармандали ҳоллар ҳақида билиши кераклигини таъкидлашмоқда.