Олмонияда 'Ўзбекистон Исломий Ҳаракати' аъзоси устидан маҳкама бошланган

Image caption Аҳмад Вали Покистондаги террорчилар жамлоқларида тайёргарликдан ўтгани айтилади

Олмонияда "Ал-Қоида" ва "Ўзбекистон Исломий ҳаракати" га аъзоликда айбланган 37 ёшли асли афғон бўлган Олмония фуқароси Аҳмад Вали Сиддиқий устидан маҳкама жараёни бошланган.

Немис прокуратураси маълумотларига кўра, Аҳмад Вали Покистондаги бир неча террористик жамлоқларда тайёргарликдан ўтган.

У 2009 йилда радикал исломчиларнинг таъсирига тушгандан буён жиҳод қилиш ғоясини қувватлаб келган."Ал-Қоида" аъзолари унга танкка қарши қуроллардан қандай фойдаланишни ўргатганлар.

Шунингдек, Аҳмад Вали терроризмни тарғибот қиладиган немис тилида чиққан филмни яратишда қатнашган.

"Ал-Қоида" ташкилотини молиялаштириш мақсадида пул йиғиш билан шуғулланган.

Аҳмад Вали Кобулда Америка ҳарбийлари томонидан қўлга олинган.

2011 йил апрелида Олмонияга жўнатилган.

Террористликка алоқадор деб кўрилаётган Аҳмад Вали Сиддиқий Ҳамбург Исломий гуруҳининг аъзоси бўлган.

Гуруҳнинг ўн аъзоси бўлиб, ҳаммаси 2009 йилда Покистондаги жамлоқлардан бирида амалиётдан ўтганлар.

Худди шу гуруҳга аъзоликда айбланган 25 ёшли асли суриялик бўлган Рами М. май ойида тўрт йилу тўққиз ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

2010 йил мартида Олмонияда "Ислом жиҳоди иттифоқи" радикал ташкилотининг " зауэрланд тармоғи " аъзоларига Олмонияда портлашларни тайёрлаш, хусусан, Америка фуқароларига ҳужум қилишни ташкиллаштириш айблови билан 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси берилган эди.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ ҳисобланади

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳам, "Исломий жиҳод иттифоқи"нинг ҳам Покистоннинг озод қабилалар яшовчи минтақаларда фаол экани айтилади.

Ушбу икки гуруҳдан айнан "Исломий Жиҳод" Оврўпода террорчилик амалларини режалаштиришда гумон қилинади

2007 йил кузида Олмония полицияси Ислом динини қабул қилган олмонлар ва асл миллати турк бўлган олмонияликлардан иборат кичик бир гуруҳни турли ҳужумларни режалаштиришда айблаб ҳибсга олганди.

Ўшанда "Исломий Жиҳод Иттифоқи" Олмониядаги Америка муассасаларига ҳужумлар уюштиришни режалаштирганини айтганди