Араб Лигаси Сурияга қарши жазо чоралари жорий этади

Араб Лигаси йиғини
Image caption Араб Лигасининг қарори Сурия икки ўртада келишилган тинчлик режасини амалга тадбиқ этмагани ортидан олинган

Араб Лигаси Сурияни сафидан чиқариш ва аксилҳукумат намойишларини қаттиққўллик билан бостираётгани учун Дамашққа қарши иқтисодий жазо чоралари жорий этишни маъқуллаб овоз берган.

Лига аъзо давлатлардан Суриядаги элчиларини чақириб олишни сўраган. Айни пайтда Дамашқни намойишчиларга қарши зўравонликларига барҳам беришга ундаган.

Мазкур қарор Сурия икки ўртада келишилган тинчлик режасини амалга тадбиқ этмагани ортидан олинган.

Сурия вакили сўнгги қарор Араб Лигаси низомларига зид эканини айтган.

Юсуф Аҳмад Сурия давлат телеканалига гапираркан, мазкур қадами Араб Лигасининг "Ғарб ва Америка"га хизмат қилаётганини кўрсатишини айтган.

Араб Лигасининг тинчлик режаси ўтган ҳафта Президент Башар ал-Асад тарафидан қабул қилинганди.

Режада маҳбусларни қўйиб юбориш, кўчалардан хавфсизлик кучларини олиб чиқиш ва ҳукумат ҳамда мухолифат ўртасида мулоқотларни бошлаш айтилган.

Аммо, инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Сурияда зўравонликлар давом этмоқда.

Фаоллар Ҳомсда намойишчиларга қарши куч ишлатилаётганини айтишади.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Ҳюман Райтс Уотч жорий ҳафта шаҳарда одамлар ўлдирилаётгани ва қийноққа солинаётганига оид ҳисоботини эълон қилган.

Суриядаги аксилҳукумат намойишлари ўтган март ойидан бери давом этмоқда. БМТга кўра, ҳозиргача норозиликларни куч билан бостирилиши натижасида 3,500 инсон нобуд бўлган.