'Ал-Қоида'га алоқадорликда гумон қилинган ўзбекистонлик айбига иқрор бўлмади

Image caption Давид Якобсеннинг асли тошкентлик собиқ милиция ходими Алишер Абдуллаев экани айтилади

"Ал-Қоида" тармоғига алоқадорлик ва ҳажвчи рассомни ўлдиришга қасд қилишда айбланаётган уч айбланувчи қаторида Ўзбекистон фуқароси Давид Якобсен ҳам ўзига қўйилаётган айбловларни тан олмаган.

Учовлон устидан маҳкама жараёни бугун сешанба куни Норвегиянинг Осло шаҳрида бошланган.

Хитойлик уйғур Микаэл Давуд, ироқлик курд Шавон Содиқ Сайид Бужак ва асли ўзбекистонлик, аммо Норвегияда Давид Якобсен номи билан танилган судланувчилар "террорчилик ҳужуми уюштиришга тил бириктириш" ва "портловчи моддалар ясаш учун лозим бўлган моддаларга эгалик қилиш" айблари қўйилганди.

Ўзбекистонлик айбланувчининг асли тошкентлик собиқ милиция ходими Алишер Абдуллаев экани айтилади.

Аён бўлишича, маҳкама жараёнига қадар у озодликда юрган бўлган.

Аммо улар айблардан бирортасига иқрор бўлишмаган.

Қоралов томонига кўра, уч гумондор Муҳаммад Пайғамбарнинг ҳажвий суратини чоп этган Даниянинг Jyllands-Posten газети ва ҳажвчи рассом Курт Вестегардга ҳужум қилишни режалаган бўлишган.

Уч шахс 2010 йилнинг июл ойида ҳибсга олинган, Норвегия полицияси улардан бирига тегишли бомба ясаш учун етарли моддалар - гидроген пероксид, ацетон топилгани ҳақида хабар тарқатган.

"Бизнинг исбот-далилларимиз уларнинг бўйнига қўйилган айбловлар қанчалар асосли эканини намойиш этади. Уларга 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин", деб айтган прокурор Геир Евангер "Франс Пресс" ахборот агентлигига.

Курт Вестегарднинг 2005 йилда нашр қилинган ҳажвий расмлари жаҳондаги мусулмонларни ғазаблантирган, кўплаб мамлакатларда намойишчилар билан хавфсизлик кучлари тўқнашишига ва инсонлар ўлимига олиб келган норозилик чиқишларига сабаб бўлган эди.

Норвегия жосуслик хизмати асли миллати уйғур, Норвегияда Микаэл Давуд исми-шарифи билан рўйхатдан ўтган шахсни ушбу гуруҳнинг раҳбари ва "Ал-Қоида"га алоқадор деб билади.

Микаэл Давуд "Ал-Қоида"нинг Покистондаги жамлоғида портловчи моддаларни ясаш ва улардан фойдаланишни ўргангани хабар қилинган.

Норвегия расмийлари унинг Осло шаҳридаги Хитой элчихонасини нишонга олганини ҳам айтишган.

Ўзбекистонликнинг ўз ихтиёри билан полицияга боғлангани ва ҳужум режалари учун масъулликни рад этгани хабар қилинган, Норвегия расмийлари унинг қўйиб юборилганини айтишган.

Ушбу маҳкама жараёни Дания рўзномаси карикатурасини кўчириб босган Париждаги журнал таҳририятига ўт қўйилганидан бир неч кун ўтиб бошланмоқда, Тунисдаги парламент сайловлари ҳақидаги махсус сонининг муҳаррири Муҳаммад Пайғамбар деб эълон қилган Charlie Hebdo ҳафталиги биносига ёқилғи бомбалари улоқтирилган эди.