Суриялик дезертирлар Ҳарастадаги ҳарбий базага ҳужум қилганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сурия Президенти Башар ал Ассад тобора кўп халқаро босим остида қолмоқда

Сурия армиясини тарк этган аскарлар пойтахт Дамашқ яқинидаги йирик ҳарбий базага ҳужум қилишган. Бу ҳақида Сурия мухолиф гуруҳлари хабар қилган.

Ҳараста шаҳрида донғи чиққан Ҳарбий ҳаво кучлари жосуслик бўлими биноси вайрон қилинган, лекин талафотлар ҳақида хабар йўқ.

Бу "Озод Сурия армияси" номли дезертир аскарлар гуруҳининг Суриядаги аксил-ҳукумат намойишлар бошланганидан бери энг катта ҳужумидир.

Ҳужум ортида айнан "Озод Сурия армияси" турганини Туркияда жойлашган Сурия Миллий Кенгаши ҳам тасдиқлади.

Бу ҳужумнинг аҳамияти катта, чунки Ҳарбий ҳаво кучлари жосуслик бўлими Суриядаги намойишларни зўравонлик билан бостириши орқали танилган идорадир.

Фаолларга кўра, бино уч тарафдан ҳужумга олинган. Ҳукумат қўшинларига тегишли тикучарлар ҳудуд узра учиб юргани хабар қилинган.

Ҳарастанинг яшовчиларидан бири бир неча портлашлар ва автоматик қуроллардан отишмаларни эшитганини айтган.

Ҳужум Суриядаги қон тўкилишига якун ясаш йўллари борасида Марокашда бошланган фавқулодда Араб Лигаси йиғинидан аввал юз берган.

Йиғин Дамашққа қарши эҳтимолий жазо чораларини ҳам муҳокама қилади.

Араб Лигаси аъзоси бўлмаган, аммо йиғинда иштирок этаётган Туркия Сурия "изоляция"га юз тутаётганини айтди.

Сурия ҳукумати хорижий журналистларни мамлакатга киритмай келади, шундай экан хабарларни мустақил тарзда тасдиқлаш ўта қийин.