Қувайтда намойишчилар парламент биносига бостириб кирдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қувайт парламенти ташқарисда йиғилган намойишчилардан ўнларча киши бино ичкарисига бостириб кирдилар.

Гувоҳларга кўра, номойишчилар Бош вазир Шайх Насер ал-Муҳаммад ас-Сабаҳнинг истеъфосини талаб қилиб чиқишганди.

Қатор ҳуқуқшунослар дохил юзлаб одамлар охирги ҳафталар мобайнида мамлакатда кенг қулоч ёйганлиги айтилган коррупцияга қарши норозилик билдириб келмоқда эдилар.

Парламент биносига бостириб кирган намойишчилар мажлислар залида мамлакат мадҳиясини айтишган ва қисқа вақтдан сўнг бинони тарк этишган.

Намойишчиларнинг Би-би-сига айтишларича, қўриқчилар уларга нисбатан ҳеч қандай амал қўлламаганлар.

"Одамлар кўпроқ ислоҳотларни талаб қилмоқдалар. Мамлакатда демократик ўзгаришлар деярли йўқ", деди Би-би-си билан суҳбатда Қувайтлик шифокорлардан бири.

Қувайт парламенти мамлакатда сайланган аъзоларга эга бўлган атиги бир неча ташкилотдан биридир.

Шу вақтгача бошқа араб давлатларида бўлганидек кенг норозиликлар у ерда кузатилмаганди.

Кузатувчиларга кўра, бу мамлакатда мавжуд кенг қамровли итимоий тизим мавжудлиги туфайлидир.

Аммо мухолиф гуруҳлар охирги ойларда мамлакат раҳбариятига коррупция ва сиёсий ислоҳотларнинг амалга оширилмаслиги юзасидан босим ўтказа бошлаганлар.