Жаҳон чемпионати 2022: 'Қатар меҳнат муҳожирларининг шароитини яхшилаб қўйсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Qatar University

Дунёнинг етакчи касаба уюшмалари ташкилотлари Халқаро Футбол Уюшмасига мурожаат қилиб, 2022 йилги Жаҳон чемпионати учун мўлжалланган стадионларни қураётган меҳнат муҳожирларининг ишлаш шароитларини яхшилаши учун Қатарга босим ўтказишини сўрашган.

Қатар ўтган йили футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Шу сабабдан ҳам, ушбу Форс Кўрфази давлати келаси 10 йил ичида 9 та янги стадион қуриши лозим бўлади.

Қатар эса, қурилиш ишларида асосан чет эллик муҳожирларнинг меҳнатларига таянмоқда.

Фаолларга кўра, ФИФА уларнинг ишлаш шароитларини яхшилаши учун Қатарга босим ўтказмас экан, 2022 йилги Жаҳон чемпионатининг бошқа ерга кўчирилиши йўлида кампания бошлаб юборишади.

"ФИФА Жаҳон чемпионати мезбони Қатардан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини таъминлаб қўйишни сўраш қудратига эга", дейди Халқаро Касаба Уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Шарон Барров.

Шу йил бошида ушбу ташкилот томонидан Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларидаги меҳнат муҳожирлари орасида ўтказилган сўров натижалари уларнинг ишлаш шароитлари "ноинсоний" эканини кўрсатганди.

"Қатарнинг Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш салоҳияти меҳнат муҳожирларининг ўта эксплуатациясига боғлиқ. Уларнинг ишлаш шароитларини мажбурий меҳнат мезонларидан сал яхшироқ дейиш мумкин, холос", деб айтганди шу йил май ойида Халқаро Қурувчилар Ширкати Бош котиби Амбет Ясон.

Форс Кўрфази давлатларидан бирортаси шу пайтгача футбол бўйича Жаҳон чемпионати беллашувларига мезбонлик қилишмаган.

Айрим танқидчиларга кўра, Қатар бу каби йирик спорт тадбирини ўтказишга мос жой эмас.

"Спорт инфратузилмаси ҳаминқадар, устига устак ёз мавсумида ҳаво ҳарорати 50 градусга кўтарилиб кетса", дейишади улар.

Аён бўлишича, меҳнат муҳожирларининг шароитларига оид янги сўров натижалари эълон этилиши ортидан, ФИФА Халқаро Касаба Уюшмалари Конфедерацияси вакиллари билан кўришишга рози бўлган.

Улар кеча пайшанба куни Халқаро Футбол Уюшмаси Президенти Зепп Блаттерга ўз кампаниялари тафсилотлари битилган мактубни ҳам топширишган.

Қатардаги меҳнат муҳожирларининг деярли барчасини Жанубий ва Шарқий Осиёдан келганлар ташкил этишади.

Непаллик масъулларнинг шу ой бошида эълон қилган маълумотларига қаралса, 2022 йилги Жаҳон чемпионати билан боғлиқ қурилишларда банд бўлган энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари ўз фуқаролари бўлиб чиқишган.