Афғонистон: Лоя-жирга Америка билан стратегик ҳамкорликка оид битимга рози

Фото муаллифлик ҳуқуқи bb

Афғонистон пойтахти Кобулдан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Лоя-жирга иштирокчилари 2014 йилги сафарбарлик ортидан ҳам Америка қўшинларининг афғон тупроғида қолишларига изн берувчи келишувга рози бўлишган.

Шу ҳафта чоршанба куни бошланган ва тўрт кун давом этган йиғинда мамлакатдаги етакчи сиёсатчилар, дин пешволари, қавм оқсоқоллари ҳамда парламент вакилларидан иборат икки минг чоғлиқ киши қатнашганди.

Лоя-жирга вакиллари Америка билан стратегик ҳамкорлик битимини имзолаш ва Толибон ҳаракати билан муросага бориш дастурини муҳокама этишганди.

Янги келишув Америка ҳарбийларининг яна 10 йил, яъни маҳаллий хавфсизлик кучлари мамлакат назоратини ўзлари таъминлашга қодир бўлгунларича, Афғонистонда ўз базаларига эга бўлишлари мумкинлигини англатади.

Аммо йиғин иштирокчилари муайян шартлар билан ўз розиликларини изҳор этишган.

Уларнинг сирасига америкаликларнинг тунги рейдларига чек қўйиш ва Афғонистон тупроғида жиноятга қўл урган АҚШ фуқаролари дахлсизлигини бекор қилиш ҳам киради.

Ҳануз расмий Вашингтон ва Кобул орасидаги муҳокама этилаётган битим ҳали яна Афғонистон парламентининг тасдиғидан ҳам ўтиши лозим.

Лоя-жирга, шунингдек, қўлларидан қуролларини қўйган Толибон жангарилари билан тинчлик музокараларини олиб бориш таклифини ҳам қўллаган.

Тўрт кунлик йиғин арафасида Кобулдаги дипломатлар президент Ҳомид Карзай ўз айтганига эришмай қўймаслигини башорат қилишганди.

Ҳукумат танқидчилари ҳам муҳокамага ўрин бўлмаслигини баён қилиб, жиргадан ҳеч бир маъни йўқлигини даъво қилишганди.

Уларнинг айтишларича, чақирилган жирга мамлакат парламентини четлаб ўтиб, афғонларнинг анъанавий қарор бериш механизмларининг суиистеъмол этилишидир.

Айрим мухолифат аъзолари эса, йиғиннинг қонуний асослари йўқлиги, мақсадлари ноаниқ экани ва мамлакат бош қонунига зид эканини иддао этишганди.

Бошқа томондан, жирганинг илк куни стратегик ҳамкорлик шарти қилиб, афғон раҳбари томонидан илгари сурилган шартларга Америка томони тунги рейдларнинг самарали эканини айтиб, муайян маънода рад жавобини ҳам берганди.

Шундай экан, жирга якунида бу гап-сўзлар ўзининг қанчалик исботини топди?

Америкаликларнинг афғон томони илгари сураётган шартларни инобатга олиш эҳтимоллари қанчалик?

Биз ушбу саволлар билан афғонистонлик таҳлилчи Асадулла Волволижий жанобларига мурожаат этдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди