Сайфулислом Қаддофий Ливия жанубида қўлга олинган

Facebookда пайдо бўлган сурат афтидан Сайфулислом Қаддофий қўлга тушганидан кейин олинган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Facebookда пайдо бўлган сурат афтидан Сайфулислом Қаддофий қўлга тушганидан кейин олинган

Ливия муваққат ҳукумати расмийларига кўра, қудратдан ағдарилган мамлакат раҳбари Муаммар Қаддофийнинг ўғли Сайфулислом Ливия жанубида қўлга олинган.

Бу ҳақда Ливия ўтиш даври ҳукуматининг Адлия вазири маълум қилган.

Вазир Муҳаммад ал-Аллағийнинг айтишича, Сайфулислом ва унинг тан қўриқчилари Обари шаҳри яқинида қўлга олинганлар.

Вазир сўзларига кўра, Қаддофийнинг ўғлининг соғлиги яхши.

Илк бор бу ҳақдаги хабарни Зинтан шаҳри ҳарбийлари тарқатишди.

Зинтандаги инқилобий гвардия қўмондонларидан бири Башир ал-Тлайибнинг айтишича, инқилобий гвардиянинг ҳарбийлари Обари яқинидаги саҳрода Сайфулислом билан 2 қўриқчиси қўлга олинган.

Бу уччовлон Либиянинг чегарасидан қўшни Нигер мамлакатига яширинча ўтмоқчи бўлганлар.

Қўлга олинган жойидан Сайфулислом ва унинг шериклари Зинтан шаҳрига етказилган, кейинроқ уни Зинтандан Триполига учоқда олиб кетишгани хабар қилинган.

Хабар Ливия пойтахтида оломон томонидан хуш қарши олинган.

Триполидаги Би-би-си мухбирига кўра, кўчада автомобиллар сигнал чалишган, одамлар қўлларидаги байроқларни ҳилпиратишган, осмонга ўқ отиб ўз шодликларини изҳор этишган.

Мамлакат собиқ раҳбарининг ўғли Ливияда қўлга олинган ёки ўлдирилган Қаддофий оиласининг сўнгги вакили бўлган.

Муаммар Қаддофийнинг етти ўғли бўлиб, улардан уч нафари ўлдирилган, уччови Ливияни тарк этган.

Сайфулислом Қаддофийни Халқаро Жиноий маҳкама қидирув эълон қилган, у шу йил бошида Муаммар Қаддофий бошқарувига қарши норозилик намойишларига чиққан одамларга қарши жиноят содир этишда айбланган.

Бундан олдинроқ Сайфулислом Халқаро Жиноий маҳкама билан мулоқотга чиққани ва агар ўзини маҳкама ихтиёрига топширса, нима бўлиши билан қизиққани ҳақида хабар қилинган.

Ливияни 42 йил бошқарган полковник Муаммар Қаддофий шу йил 20 октябрида ўз туғилиб ўсган Сирт шаҳрида ўлдирилган.

Миллий Ўтиш даври жангчилари унинг ярадор ҳолда қўлга олингани, кейин олган жароҳатларидан вафот этгани ҳақида айтганлар.

Бироқ кейинроқ қонга беланган Муаммар Қаддофийга уни қўлга олганлар қандай муомала қилганлари тасвирга олинган видеотасвирлар пайдо бўлган.

Ливиянинг муваққат расмийларидан Қаддофий ўлимини текшириш сўралган.

Сайфулислом қўлга олингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлиши ортидан унинг устидан ўзбошимча маҳкама уюштирмаслик ҳақидаги огоҳлантиришлар билдирилган.