Араб Лигаси ўз режасига Сурия таклиф этган ўзгартиришларни рад этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи s
Image caption Sunday Times рўзномаси билан суҳбати Президент Башар ал-Асаднинг Араб Лигаси режасини рад этишини англатади

Президент Башар ал-Асад Британиянинг Sunday Times рўзномаси билан суҳбатида Сурия "ўзини қул қилишга" изн бермайди, деб айтган.

Якшанба тонгида қудратдаги Баас партиясининг Дамашқдаги қароргоҳи ракета ҳужумига тутилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

20 ноябр ярим тунда Араб Лигасининг Сурияга намойишларни бостиришни тўхтатиш учун берган охирги муҳлати ниҳоясига етди.

Бироқ, мухбирларга кўра, зўравонликлар тўхтагани аломати кўринмаган.

Sunday Times рўзномаси чоп қилган мақолада Президент Асад мамлакатида можаро ҳали давом этишини ва Сурияга нисбатан босим ҳам давом этишини айтган.

"Лекин бунга қарамасдан, мен сизни ишонтираманки, Сурия ён босмайди ва ўзига бўлаётган босимларга қаршилик кўрсатишда давом этади".

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Муир ёзишича, афтидан бу жаноб Асаднинг Араб Лигаси режасини рад этишини англатади.

Араб Лигаси Сурия ҳукуматининг Суриядаги зўравонликларни тўхтатиш мақсадидаги кузатувчиларни юбориш таклифига жавобини рад этган.

Бунга Президент Башар ал-Асаднинг Сурия ташқи босимларга ён бермаслиги ҳақидаги баёноти сабаб бўлган.

Араб Лигаси Сурияга 500 кузатувчини жойлаштириш талабини илгари сурган.

Лига Сурия ҳукуматига 19 ноябр ярим кечасигача муҳлат берган.

Араб Лигаси баёнотига кўра, лига режасига Сурия таклиф қилган ўзгартиришлар кузатувчилар ҳайъати вазифасини кескин ўзгартиради.

Араб Лигаси бу борада Дамашқ билан музокара қилинмаслигини билдирган, Сурия масаласи 22 ноябр куни Қоҳирада лигага аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари йиғинида муҳокама этилиши хабар қилинган.

Якшанба куни чоп этилган Британиянинг Sunday Times рўзномаси билан суҳбатида Президент Башар ал-Асад, Сурия ўзини қул қилишга изн бермайди, деб айтган.

Президент Асад сўзларига кўра, Сурияга тааллуқли Араб Лигасининг режаси Араблар ўртасида бўлиниш мавжудлигини кўрсатиш ҳамда Сурияга ташқи ҳарбий босқинга тайёрлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Олдинроқ Араб Лигаси раҳбари Наби ал-Арабий Суриянинг Лига режасига ўзгартириш киритиш мазмунидаги мактубини ўрганиб чиқаётганларини маълум қилганди.

Хабарларга кўра, бу мактубда расмий Дамашқ, хусусан, Сурияда жойлаштириш мўлжалланган кузатувчилар сонини 500 дан 40 тага тушириш таклифини илгари сурган.

Режага кўра, Сурияда жойлаштириладиган кузатувчилар Араб Лигаси режаси ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини назорат этишлари лозим.

Ушбу режада Лига талаб қилган ҳукумат кучларининг намойишчиларга ҳужумларни тўхтатиши, Сурия шаҳарларига жойлаштирилган қўшинлар ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетиш ва мухолифат билан музокараларни бошлаш кўзда тутилган.

Sunday Times рўзномасига гапирган Сурия президенти 2012 йил феврали ёки март ойида парламент сайловларини ўтказишга ваъда берган, янги парламент зиммасига Суриянинг янги конституциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилишини айтган.

"Бу конституция президентни қандай сайлаш асосларини яратади, президент керакми ёки йўқлигини ҳал қилади. Овоз бериш қутилари ким президент бўлишини ҳал қилади", деб айтган Президент Башар ал-Асад.

Дамашққа илк ракета ҳужуми

Дамашқликлар ва Сурия аксилҳукумат фаолларининг айтишларича, Дамашқдаги қудратдаги Баас партиясининг бош қароргоҳига камида иккита ракета отилган.

Дамашқликлардан бирининг сўзларига кўра, Баас партияси биноси ёнидаги майдонни хавфсизлик кучлари ўраб олганлар, у бинодан тутун кўтарилаётганини кўрган.

Би-би-си мухбири айтишича, у бинога яқин жойга борган, бироқ бирор бир вайрона изларини кўрмаган, лекин шу яқин атрофда яшайдиган одамлар тунда отишма овозларини эшитганларини айтганлар.

Мухбирларга кўра, гувоҳлар ҳужум тонгда юз берганини, бу пайтда ҳеч ким бўлмаганини айтишган.

"Афтидан бу ҳужум режимга мужда бўлган", деб айтган шоҳидлардан бири.

Рейтер ахборот агентлиги хабар қилишича, ушбу ҳужум учун масъулиятни мухолифат томонига ўтган ҳарбийлар ташкил этган "Эркин Сурия армияси" ташкилоти ўз зиммасига олган.

Аммо Би-би-си мухбири ёзишича, бу ҳужумни Президент Асад кучларининг ўзлари амалга оширган бўлишлари мумкин, бундан мақсад ҳукуматнинг мамлакатдаги тартибсизликлар ортида қуролли террорчилар тургани ҳақидаги баёнотларини оқлаш бўлиши мумкин.