Туркия Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлиш истагидан воз кечмаган

Image caption Президент Гулнинг аёли Ҳайруннисо хоним рўмол ўрагани учун университетга киролмаган

Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул евро ҳудудидаги инқирозга қарамай, Туркия ОИга аъзо бўлиш истагида эканини айтган.

Британияга уч кунлик ташрифи арафасида Sunday Telegraph рўзномасига гапирган жаноб Гулга кўра, Туркиянинг аъзолиги Оврўпо Иттифоқини кучлантиради.

"Баъзи тор фикрли ва стратегик истиқболни кўра олмайдиган кимсалар Туркияни Оврўпо Иттифоқининг гарданига тушадиган юк, деб кўрадилар", деган жаноб Гул.

Унинг фикрича, Туркия, аксинча, Оврўпонинг "ўсиш қуввати" бўлиши мумкин

Британия Туркиянинг ОИга расмий номзодлигини қўллаб-қувватлаган.

Аъзолик юзасидан музокаралар 2005 йилда бошланган.

Исломий илдизлар

Аъзо бўлиб киргани тақдирда Туркия ОИ таркибидаги биринчи йирик мусулмон давлати бўлади.

Туркия ғарб ва яқин шарқнинг мусулмон давлатлари ўртасидаги муҳим кўприк сифатида кўрилади.

У йиллик 6.6 фоизлик ўсиш билан дунёдаги иқтисоди шиддат билан ривожланаётган давлатлар орасида.

Аммо шунга қарамай, Оврўпода Туркиянинг ОИга аъзо бўлишига қаршилик кучли.

Туркиянинг аъзолиги йўлидаги энг катта тўсиқлардан бири Қибрисдаги вазиятдир.

1974 йилда турк қўшинлари Қибриснинг турк аҳолисини ҳимоя қилиш учун бостириб кирганидан буён орол иккига бўлинган.

Қибрисни бирлаштириш ҳаракатлари ҳозирга қадар натижасиз тугаган.

Жаноб Гулга Британияга сафари чоғида унинг турмуш ўртоғи Ҳайруннисо ҳамроҳлик қилади.

Президент аёлининг рўмол ўраши Туркиянинг ўзида катта сиёсий жанжалга сабаб бўлган.

Ҳайруннисо хоним бир муддат давлат маросимларидан четда турган.

Абдуллоҳ Гул Туркиянинг иқтидордаги исломий илдизларга эга Адолат ва Тараққиёт партиясининг асос солган сиёсатчилардан биридир.