Глобал сўров: ядровий энергияга салбий муносабат ортиб бормоқда

Шамол энергияси
Image caption Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ядровий энергияга қарши бўлганлар сони ортиб бормоқда

Ядровий дастурга эга бўлган мамлакатларда ўтказилган жамоатчилик сўрови натижаларига кўра, ядровий технологияларга қаршилик охирги олти йилда кучайган.

Кўпчиликнинг ишонишича, ядровий энергия ўрнига табиий манбаларни ҳимоя қилиш ва қайта ишланувчи энергиялардан фойдаланиш эвазига келажак эҳтиёжларини қондириш мумкин.

Сўровда иштирок этган ядровий заводларга эга бўлган мамлакатлар аҳолисининг аксари янги ядровий реакторларнинг қурилишига қарши эканликларини билдирган.

Ядровий заводларга эга мамлакатлар аҳолисининг 30% "ядровий энергия хатарли ва биз мавжуд барча ядровий заводларни иложи борича тезроқ беркитишимиз керак," деб айтган.

Шу йилнинг июн-сентябр ойларида Канаданинг GlobeScan ижтимоий фикрни ўрганиш ташкилоти томонидан ўтказилган сўровда дунёнинг 23 мамлакатидан 23 мингдан кўпроқ инсон иштирок этган.

Бироқ, Япониянинг Фукушима ядровий иншоотида юз берган ҳалокат ортидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Британия ва Қўшма Штатлар ядровий иншоотларнинг барпо этилишига бошқа мамлакатларга нисбатан камроқ қаршилик кўрсатмоқда.

Сўров ядровий заводларга эга 31 мамлакатдан 12 тасида ўтказилган. Ушбу мамлакатларда ядрвоий энергиядан қандай фойдаланилиши кераклиги хусусида фикрлар бўлингани аниқланган.

Ҳар беш респондентдан биттаси (22%) "ядровий энергия нисбатан хавфсиз ва муҳим энергия манбаси ҳисобланади, ва биз янада кўпроқ ядровий заводларни қуришимиз керак,” деган фикрни билдирган.

GlobeScan 2005 йилда ушбу мамлакатларнинг саккизтасида айни масалада аҳоли фикрини ўрганган эди.

Аввалги сўровга муқоиса этилганида мазкур 8 мамлакатдан бештасида ядрвоий энергияга қаршилик кескин ошган.

Ядровий заводга эга бўлмаган мамлакатларда ўтказилган сўров натижаларига кўра, энг кўп Нигерия (41%), Гана (33%) ва Мисрда (31%) респондентлар ядровий заводни қуришни дастаклашларини билдирган .

Сўровда иштирок этганларнинг ўнтадан еттитаси эса мамлакатлари келгуси 20 йил ичида ядровий энергиядан қайта ишланувчи энергияга ўта олишига қодир эканини маълум қилган.