"Одноклассники" аъзолари профиллари энди интернет қидирувида ошкор этилмоқда

Image caption "Одноклассники" ижтимоий сайтидан юз минглаб ўзбекистонлик истеъмолчилар ҳам фойдаланади

Рунетда йириклиги бўйича иккинчи ўринда турадиган "Одноклассники" ижтимоий тармоғи ўзининг 105 миллионлик аъзоларининг профилларини интернет орқали қидирувда ошкор этишни бошлаган.

Буни истамаганлар учун қидирувда пайдо бўлмаслик танлови бор, лекин жим турганларнинг бари қидирувда намоён бўлади.

"Одноклассники"нинг раҳбари Илья Широков матбуот анжуманида "Одноклассники" аъзоларини Россиядаги Mail.Ru портали чоршанба куни намойиш қилишни бошлаганини айтди.

Бу портал, "Одноклассники" билан биргаликда, Mail.ru Group ташкилотига тегишлидир.

Жаноб Широков Яндекс ва Google қидирув порталларида ҳам "Одноклассники" аъзоларининг профиллари намойиш қилина бошланишини билдирди.

Би-би-си билан суҳбатда лойиҳанинг директори Александр Изряднов қидирув натижасида "Одноклассники" аъзоларининг исми-шарифи, сурати, профили, ёши, дўстлари сони ва аъзо бўлган гуруҳлари рўйхати пайдо бўлишини айтди.

Ҳозирда "Одноклассники" сайтига аъзо бўлмагунча, унга аъзо бўлган шахсни қидиришнинг имкони йўқ.

Жаноб Изрядновга кўра, аъзолар ҳақидаги маълумотни ошкор қилиш "келгуси аъзоларга қулайлик яратади, чунки ахир одамлар бир-бирини интернетда қидирадилар, ва улар ўзлари ижтимоий тармоқларга аъзо бўлмаган бўлишлари мумкин".

Агар кимнингдир профили қидирув порталларига тушган бўлса ва интернетдан фойдаланувчи уни ёпишни истаса, 30 кун давомида у ҳақидаги маълумот қидирув сайтларидан олиб ташланади.

"Одноклассники"да фақат маълум дўстлар гуруҳи билан ўртоқлашилган маълумот қидирув сайтларида пайдо бўлмайди.

Шахсий маълумот ҳимояси

"Одноклассники" ўз истеъмолчилари ҳақидаги маълумотни оммага очаётган биринчи ижтимоий тармоқ эмас.

2010 йилда буни қилган "ВКонтакте" сайти истеъмолчиларнинг қаттиқ танқидлари остида қолганди.

"Интернет ва ҳуқуқ" ширкатининг раҳбари Антон Серго шахсий профилларнинг қидирувда очиқланиши Россия қонунларига мос эканига шубҳа қилади. Унинг айтишича, Россия қонунчилигида шахсий маълумотларнинг ҳимояси жуда юқори даражада.

"Энг асосий жиҳати шуки, Россия қонунчилигида ("Одноклассники" киритган қоидага) тескари омил мавжуд: яъни маълумотларга эга бўлган сайт уларни очиқлашдан аввал истеъмолчилардан розилигини олиши керак. Ҳозир эса истеъмолчи атайлаб ўзи ҳақидаги маълумотни тақиқлаш имкони берилаяпти", дейди у.