‘Путин номзодининг президентликка илгари сурилиши демократияга зид’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Собиқ Шўролар Иттифоқининг илк президенти Михаил Горбачевнинг айтишича, Россия Бош вазири Владимир Путин номзодининг учинчи бор президентликка илгари сурилиши демократия тамойилларига зиддир. Аммо Россия конституциясининг расмий талабларига тўғри келади.

Жаноб Горбачевга кўра, мамлакат бошқаруви ростакамига халқнинг манфаатларини намоён этувчи ва унинг ҳурматига лойиқ раҳбарлар қўлида бўлиши шарт.

“Кимларнингдир тужжорий манфаатларига хизмат қилувчи лидерлар қудратда бўлмасликлари керак”, деб айтган собиқ президент”, Associated Press ахборот агентлигига берган сўнгги суҳбатида. Михаил Горбачев, ўз ўрнида, шу йилнинг 4 декабр кунига режаланган парламент сайловларининг ҳам қанчалик холис бўлишини шубҳа остига олган.

Шу ҳафта сешанба куни Американинг The Wall Street Journal нашрига берган суҳбатида эса, жаноб Горбачев Россиядаги мавжуд тузум “авторитар” эканини айтиб, “демократик тамойилларни тиклаш, адолатли сайловлар ва судларнинг мустақиллигига эришиш учун жиддий кураш олиб борилиши лозимлиги”ни ҳам урғулаган.

Собиқ Шўролар Иттифоқининг биринчи ва сўнгги президентига кўра, ўзларига расмий Кремлнинг авторитар қилиқлари ёқмайдиган россиялик сайловчилар ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайловларда Владимир Путин бошчилигидаги “Ягона Россия” партиясига қарши овоз беришлари керак.

Аммо лекини ҳам бор...

Агар шу йил бошида ўтказилган сўров натижаларига қаралса, Россия аҳолисининг 73 фоизи Михаил Горбачев ва унинг даври ҳақида салбий фикрда эканлар.

Қолганларнинг 10 фоизи демократик эркинликлар ва тадбиркорликни Горбачевнинг хизматлари сифатида қайд этишган.

Ғарбда эса, СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачев дунёни ўзгартирган шахс сифатида ҳурмат қилинади.

Аммо ватандошларининг аксарияти у ҳақда салбий фикрда.

СССР парчаланишидан 20 йил ўтиб, кўпчилик россияликлар Горбачевни ўзи бошлаган ислоҳотлар устидан назоратни ва пировардида империяни бой берган шахс сифатида кўрадилар.

Сўров натижаларига кўра, Горбачевга асосан Путиннинг "Ягона Россия" партияси тарафдорлари, сайловларда иштирок этмайдиганлар ҳамда 35 ёшдан пастдагилар бефарқ.

Парламентда бўлмаган партиялар, жумладан, "Адолатли Россия" партияси ҳамда 25-59 ёш ўртасидагилар Михаил Горбачевни кўпроқ ҳурмат қилишади.

Уни ёмон кўрадиганлар эса, одатдагидек, Коммунистик партия тарафдорлари ва қариялардир.

Бугунги кунда Горбачев даврининг россияликлар хотирасидаги энг зиддиятли воқеалари қайта қуриш ва ичкиликбозликка қарши кураш экан.

Айрим россияликлар уларни Горбачев даврининг ютуғи деса, бошқалар ўша давр ҳақидаги ёқимсиз хотиралар сифатида тилга олишади.

80 ёшли Горбачев Россия сиёсий саҳнасида ҳануз фаол.

Охирги пайтларда у Медведев ва Путин бошқаруви ҳақида танқидий баёнотлар билан чиққан.

Жумладан, у ҳукуматдаги "Ягона Россия" партиясини "КПССнинг энг ёмон нусхаси" деб атаган.