Сайф ул-Ислом Қаддофийнинг бармоқларини кесиб ташлашлари мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ливия собиқ раҳбари марҳум Муаммар Қаддофийнинг вориси сифатида кўрилган ўғли Сайф ул-Ислом ҳибсда ушлаб турилган Зинтан шаҳрида фаолият олиб борувчи асли украиналик шифокор Андрей Мураховскийнинг айтишича, унинг жароҳатлари ниҳоятда оғир ҳамда кўрсаткич ва бош бармоқларини қисман ампутация этишдан бошқа чора йўқ.

Уч кун бурун Ливия собиқ раҳбари ўғлининг яраларини очиб кўрган шифокорга кўра, унинг жароҳатларидан йиринг оқиб ётибди.

"Сайф ул-Исломнинг кўрсаткич ва бош бармоқларининг эти суягигача сирилиб кетган. Бармоқ суяклари шундай кўриниб турибди", дейди шифокор.

Унинг айтишича, агар Сайф ул-Исломнинг жароҳатланган бармоқлари ўз вақтида даволанмаса, соғлиғи ниҳоятда ёмонлашиши мумкин.

Жорий пайтда Сайф ул-Исломнинг дока билан қаттиқ ўраб ташланган бош, кўрсаткич ва ўртанча бармоқларининг аҳволига оид бошқа маълумотлар йўқ.

Ливия собиқ раҳбари ўғлининг сўнгги тасвирларини кўриб, кўпчилик ливияликлар исёнчилар унинг бармоқларини кесиб ташлашган бўлса керак, деган хаёлга боришганди.

Чунки Сайф ул-Ислом айнан ана шу бармоқлари билан отасининг тузумига қарши кураш олиб борган исёнчиларга таҳдид қиларди.

Аммо украиналик шифокорнинг айтишича, Сайф ул-Исломнинг жароҳатига қандайдир портлаш сабаб бўлган.

Унга кўра, жарроҳлик амалиёти унчалик ҳам мураккаб бўлмагани учун Зинтаннинг ўзида қилиниши мумкин.

Аммо шаҳар ҳарбийлари Сайф ул-Исломни касалхонага олиб борган тақдирларида, кимдир уни ўлдириб қўйишидан хавотирдалар.

Ливиянинг янги Бош вазири унга лозим даражада тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, аммо ҳозирча ўз назоратлари остида эмаслигини айтишмоқда.

Зинтандаги жангчиларга кўра, муваққат ҳукумат ташкил этилиши биланоқ Сайф ул-Исломни уларнинг қўлларига топширишади.

Ливиянинг янги Вазирлар Маҳкамаси кеча пайшанба куни қасамёдга келтирилганди.

Мамлакатнинг янги Мудофаа вазири этиб эса, Зинтан Ҳарбий кенгаши раҳбари тайинланганди.

Сайф ул-Ислом шу йилнинг 19 ноябр куни Ливия жанубида қўлга олинганди.