'НАТО тикучарлари Покистон қўшинларига ҳужум қилиб 26 аскарни ўлдирган'

Image caption Ҳодисанинг Афғон чегарасига яқин Салала чегара текшириш нуқтасида ярим тунда юз бергани хабар қилинмоқда

Покистон расмийлари НАТО тикучарларини Афғонистон чегарасига яқин ҳарбий текшириш нуқтасига ҳужум қилиб 26 ҳарбийни ўлдирганликда айблади.

Бу ҳақда Покистон ҳарбийлари махсус баёнот эълон қилган, баёнотда Покистоннинг Моҳманд қавмлар назоратидаги ҳудудга сабабсиз ҳужум қилингани қораланади.

Бунга жавобан Покистон Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун таъминот юклари олиб ўтиладиган чегара нуқтасини ёпиб қўйган.

НАТО кучлари чегарага яқин жойда юз берган ҳодисадан бохабар эканларини ва бу борада текширув олиб борилаётганини маълум қилганлар.

Рейтер ахборот агентлиги хабар қилишича, даъво қилинаётган ҳужум Афғон чегарасидан 2,5 километр узоқликдаги Салала чегара текшириш нуқтасида соат 2 ларда рўй берган.

Ҳалок бўлганлар орасида икки зобит борлиги, 14 аскар яралангани ҳақида билдиришган расмийлар.

Номи ошкор этилишини хоҳламаган зобитлардан бирининг айтишича, ҳужум пайтида аксар ҳарбийлар ухлаётган бўлганлар.

Покистон Бош вазири Юсуф Резо Ғелоний ҳужумни қаттиқ қоралаган, ушбу масалани мамлакат ташқи ишлар вазирлигига жуда кескин оҳангда НАТО ва АҚШ олдига қўйиш буюрилганини маълум қилган.

Покистон Ахборот вазири Фирдавс Ошиқ Аван айтишича, Покистон бу ҳодисага фақат норозилик билдириш билан чекланмайди.

"Покистон ҳукумати ўзининг армиясига қарши бундай ҳаракатларга тоқот қилолмайди. Худо хоҳласа, биз бу масалани шунга мос даражага олиб чиқамиз. Биз фақат норозилик изҳор этмаймиз, биз шунга яраша чоралар кўрамиз", деб айтган Покистон ахборот вазири.

Минтақадаги халқаро кучларнинг сўзчиси бригада генерали Карстен Жакобсеннинг айтишича, халқаро кучлар қўмондони генерал Жон Аллен ушбу масалани шахсий назоратига олган ва ҳалок бўлган, жароҳатланганлар ва уларнинг яқинларига ўзининг чуқур таъзиясини изҳор этган.

Бригада генерали Карстен Жакобсен ушбу ҳодиса чуқур текширилаётганини урғулаган.

Бунга жавобан Покистон Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун таъминот юклари олиб ўтиладиган чегара нуқтасини ёпиб қўйган.

Ҳукумат расмийларидан бирининг айтишича, Афғон-Покистон чегарасидаги Ҳайбар минтақаси Жамруд чегара текшириш нуқтасидан ёқилғи ортилган 40 автомобил тўхтатиб орқага қайтарилган, бу ёқилғи НАТО кучларига мўлжалланган бўлган.

Би-би-сининг Карочидаги мухбири Шуайб Ҳасан айтишича, Покистон расмийлари ҳодисадан ғазабга келганлар, бу пайтда бу минтақада ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаган.

Ушбу ҳодиса шу йил май ойида АҚШ махсус кучларининг Покистонда Усома бин Лодинни ўлдирган рейд уюштирганлари ортидан совуқлашган ва энди илиқлашаётган АҚШ-Покистон муносабатларини яна ёмонлаштириши мумкин.