Миср ҳарбий бошқаруви раҳбари босимларга ён бермаслигини айтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мисрнинг қудратдаги ҳарбий кенгаши раҳбари айтишича, мамлакатдаги сиёсий беқарорликларга қарамасдан, душанба кунига мўлжалланган парламент сайловлари режаланган вақтида бошланади.

Фельдмаршал Ҳусайн Тантовий айтишича, у қуролли кучларга бирор бир гуруҳнинг босим ўтказишига йўл қўймайди.

Ва у икки етакчи президентликка номзоднинг ўзи илгари сурган бош вазир номзодини дастаклашга чақирган.

28 ноябр куни бошланадиган парламент сайловлари Мисрдаги охирги ўн йилликлардаги илк эркин сайлов бўлиши кутилмоқда.

Бу сайловлар натижасида мамлакат парламенти қуйи палатаси - Халқ Ассамблеясидаги 498 депутат, юқори палата - Шўро Кенгашидаги 180 аъзо сайланиши керак

Мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга 50 миллион фуқаро бор, бу сайловларда 60 дан ортиқ партия, 40 дан зиёд мустақил сиёсатчи ўз номзодларини илгари суришга қарор қилганлар.

Парламент сайловлари собиқ президент Ҳусни Муборак қудратдан кетказилганидан кейин Мисрни бошқариб келаётган ҳарбийлардан ҳокимиятни фуқаровий ҳукуматга ўтказиш йўлидаги биринчи қадам, дейилмоқда.

Бироқ Қоҳиранинг Таҳрир майдонида бир ҳафтадан буён норозилик намойишларини уюштираётганлар Қуролли кучларнинг Олий кенгашини ҳокимиятни ўз қўлидан бермасликка ҳаракат қилаётганликда айбламоқдалар, улар парламент сайловларигача ҳарбийлар қудратни топширишини талаб қилиб чиқдилар.

Улар ҳарбийларнинг қудратни фуқаровий ҳукуматга топшириши ҳақидаги ваъдаларига ишонмаяптилар, ҳарбий раҳбарият бош вазирликка илгари сурган Камол Ганзури номзодини рад этганлар.

Бироқ ҳарбий кенгаш раҳбари фельдмаршал Ҳусайн Тантовий ўзларининг асосий вазифаси сайловларнинг кўзланган муддатда ўтишини таъминлаш ва халқни муҳофаза қилиш эканини таъкидлади, ҳеч қанақа босимларга ён бермасликларини айтди.

"Биз ҳозир чорраҳадамиз. Ё сайлов орқали Миср хавфсизликка чиқиб олади ёки хавфли тўсиқларга рўпара келади, бунга биз йўл қўймаймиз", деган фельдмаршал Тантовий.

Жаноб Тантовий Мисрдаги икки нуфузли сиёсатчи Муҳаммад ал-Барадей билан Амр Мусани вазиятни муҳокама этишга таклиф этган.

Жаноб Барадей муқобил ҳукуматга раҳбарлик қилишга тайёрлигини билдирган.

Кузатувчиларга кўра, охирги ҳафтадаги 42 инсон ўлимига ва 2000 киши яраланишига сабаб бўлган хавфсизлик кучлари билан намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар сайловчиларнинг овоз беришдаги иштироки пасайишига олиб келиши мумкин.

Айни пайтда Миср жамиятидаги мавқелар бўлинганини кўриш мумкин.

Мамлакатда ҳамма ҳам Таҳрир майдонига чиққанларни дастаклаётгани йўқ.

Парламент сайловларида энг яхши ташкиллаштирилган ва молиявий томондан дастакланган партиялар кўп овоз тўплайди, деб кутилмоқда.

Булар Президент Муборак ҳукмронлиги йилларида тақиқланган "Мусулмон Биродарлар"нинг "Озодлик ва Адолат" партияси, Ҳусни Муборакнинг Миллий Демократик партияси ўрнида ташкил этилган Ҳуррият партияси, янги ташкил этилган Вафд ва "Озод Мисрликлар" партияларидир.