'Британия Афғонистондаги қўшинларини Термиз орқали олиб чиқади'

Image caption Термиз Афғонистонга бостириб кирган совет қўшинларининг ҳам жўнаш ва қайтиш нуқтаси бўлган эди

Британия матбуотининг хабар беришича, британ қўмондонлари Афғонистондаги қўшин ва ҳарбий техникани Термиз орқали олиб чиқиш режасини тузишмоқда.

Британ қўшинлари Афғонистондан 2014 йилда олиб чиқилиши керак.

Рўзноманинг ёзишича, миллионлаб долларга тенг ҳарбий техника-танклар, БТРлар, юк машиналари, артиллерия, вақтинчалик бараклар, ҳарбий шифохона, вертолет ва бошқаларни Британияга қайтариб олиб келиш ҳарбийларнинг жиддий бош оғриғига айланган.

Молиявий ва иқтисодий инқироз сабаб бюджети кескин қисқарган Британия Мудофаа вазирлиги келаётган уч йил мобайнида Афғонистондан қўшинлар ва техникани олиб чиқишнинг энг арзон йўлини қидирмоқда.

Ҳозирда муҳокама қилинаётган қўшинлар ва ҳарбий техникани қуруқликдан олиб чиқиш режасига мувофиқ, юклар Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳрида 170 вагондан иборат поезд составига ортилиб, аввал Термизга олиб келинади.

У ердан Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Украина ҳудуди орқали Оврўпога олиб келинади.

Dayli Mail нинг тахмин қилишича, йўл бўйи ҳарбий техникани Британия ва россия махсус кучлари қўриқлаб борадилар.

Юк Британияга етиб боргунича бир ой вақт кетиши айтилади.

Мозори Шарифни Термиз билан боғловчи йўл шу йил бошида ўзбекистонлик темирйўлчилар томонидан қуриб битказилган.

Осиё Тарақиёт Банки томонидан молияланган темирйўлнинг узунлиги 70 километрни ташкил этади.

1989 йилда совет қўшинлари айнан шу йўл орқали олиб чиқилганди.

Британияга қарашли ҳарбий техниканинг асосий қисми Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятидадир.

Музокаралар

Афғонистондан қўшинлар ва ҳарбий техникани олиб чиқиш амалиёти Британия тарихидаги энг йирик нақлиёт амалиёти бўлиши кутилмоқда.

Dayli Mail рўзномасидаги мақолага кўра, Британия ҳарбийлари ҳозирда Тошкент ва Москвада айни масала юзасидан музокараларни бошлаб юборишган.

Ўтган ҳафта Британия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг муовини, авиация вице-маршали Грехем Ҳовард Тошкентда ўзбек расмийлари билан музокаралар олиб борган.

Жаноб Ҳовардга Тошкентга сафарида яна икки нафар юқори мартабали қўмондонлар, шунингдек, нақлиёт мутахассислари ҳамроҳлик қилишган.

Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев билан музокараларнинг асосий мавзуси Афғонистон бўлган.

Музокаралар тафсилотлари маълум эмас.

Британия ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё бўлими бошлиғи Лаури Бристоу бу борада "халқаро ҳамкорлар билан мулоқот олиб бораётганлари ва бу мулоқотларнинг тафсилотларини муҳокама этмасликлари"ни айтган.