Ҳиротнинг аёл Бош Қораловчиси жаҳоннинг энг таъсирли 100 шахси рўйхатида

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳри Бош Қораловчиси Мариа Башир "Таймс" журнали томонидан дунёдаги энг кучли таъсирга эга 100 шахсдан бири, дея тан олинди.

40 ёшли Башир хоним Афғонистондаги ягона аёл Бош Қораловчидир.

Бош қораловчилик ҳар қандай мамлакатда ўта оғир бир вазифадир, бироқ Афғонистон каби қонун ва тартиб амал қилмайдиган бир мамлакатда эса, бу жуда кўп тўсиқларни енгишни талаб қилади.

Башир хоним 2010 йилнинг ўзида маиший, аёлларга қарши зўравонликлар билан боғлиқ 90га яқин ишни кўриб чиққан. У ўз фаолияти давомида ҳамма учун тенг ҳақ-ҳуқуқли жамият учун замина яратишга ҳаракат қилишини айтган.

Мария Башир 2006 йили Ҳирот шаҳри Бош Қораловчиси этиб тайинланган.

Шу йил март ойида у АҚШ Давлат Департаментининг "Жасур айл" мукофотига ҳам сазовор кўрилганди.

1990 йилларда Кобул Университетининг Ҳуқуқшунослик факултетини битирган Мария Башир Толиблар қудратга келган йиллари бошқа ҳамма аёллар сингари уйда ўтиришга мажбур бўлган.

Лекин ўз уйида аёллар учун маҳфий мактаб очиб, хотин-қизларга ёрдам беришда давом этди.

Толиблар қулашидан сўнг ҳуқуқшунослик соҳасида фаолиятини давом эттириб, аввал қораловчи сифатида ишлади.

Афғонистон Бош Қораловчисининг Ҳиротга сафари мобайнида уни қаттиқ саволга тутиб, назарга тушганидан сўнг эса шаҳарнинг Бош Қораловчиси этиб тайинланди.

Қонун устуворлиги ҳануз ўрнатилмаган Афғонистонда Мария Башир хоним зирҳланган машинада олти нафар қўриқчиси билан сафар қилишга мажбур.

Унинг фарзандлари мактабга қатнай олмайдилар ва уйда сабоқ олишади. Катта ўғлини эса хавфсизлик муаммолари туфайли Олмонияга жўнатишга мажбур бўлган.

Шу йиллар мобайнида унинг уйига ўт қўйилди, уйи ташқарисида уюштирилган бомба ҳужумида бир қўриқчиси ҳалок бўлди.

Она сифатида Мария Башир бу ҳодисалар туфайли оиласи ўнгида баъзида ўзини айбдор ҳис қилишини айтади.

"Лекин мен оилам десам, яна бошқа аёл оилам деса, Афғонистон келажаги нима бўлади? Биз бу хавфлар билан юзма-юз бўлишни ўрганишимиз керак", дейди у.

"Таймс" журнали томонидан жаҳоннинг энг кучли таъсирга эга 100 шахсидан бири этиб эълон қилинганидан сўнг Би-би-си билан суҳбатда Мария Башир хоним ўз номзодининг кўриб чиқилганидан ҳатто бехабар бўлганлигини билдирди.