Норвегиядаги қирғинга масъул кўрилган Андрес Беринг Брейвик "руҳий носоғлом", дея топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Андрес Брейвик Норвегиядаги қўшалоқ ҳужумларни амалга оширганлигини рад этмайди.

Норвегияда шу йил июл ойида 77 кишининг ўлимида масуъл кўрилган Андрес Беринг Брейвикни тиббий кўрикдан ўтказган мутахассислар уни параноид шизофрения касаллигига йўлиққан, деган хулосага келдилар.

Шифокрларга кўра, пойтахт Осло ва ёшларнинг дам олиш жамлоғи жойлашган оролдаги қўш ҳужумни амалга оширган вақти Брейвик психоз ҳолатида бўлган.

Ослодаги матбуот анжуманида айтилишича, Брейвик шифокорлар билан ўтказилган 13 суҳбат мобайнида ҳам психоз ҳолатида бўлган.

Жиноий текширув жараёнида Брейвик ҳужумларни амалга оширганлигини бўйнига олган, аммо ўзини айбдор, дея тан олмаслигини билдирган.

Брейвик бу ҳужумларни даҳшатли аммо қилиниши керак бўлган амал сифатида тақдим этган.

Икки руҳшунос-шифокор томонидан Брейвикнинг руҳий носоғлом эканлиги ҳақида ёзилган 243 саҳифадан иборат ҳисобот эндиликда Норвегия Суд Тиббий Экспертиза Кенгаши томонидан ўрганиб чиқилади.

32 ёшли Брейвик устидан маҳкама келгуси йил апрел ойида бошланиб, 10 ҳафтача давом этиши кутилмоқда.

Унинг руҳий носоғлом, деб топилиши маҳкамани ўтказиш режаларига не қадар таъсир қилиши ҳозирча номаълум.

Лекин унинг узоқ йиллик қамоқ жазосидан кўра, руҳий шифохонага даъволаниш учун юборилиш эҳтимоли катта.

Андрес Брейвик Норвегия ва бутун жаҳонни ларзага солган қўшалок ҳужумни амалга оширгналигини рад этмайди.

Шу йил 22 июл куни полиция ходими формасини кийиб олган Андрес Брейвик дастлаб Ослодаги ҳукумат биноси ўнгида машинага жойлаштирилган бомбани портлатиб, 8 кишини ҳалок этган.

Шундан сўнг Утойя оролчасига бориб, у ердаги жамлоқда анжуманга йиғилган ёшлар фаолларини ўққа тутиб, аксари ўсмирлардан иборат 69 кишини ўлдирган.