Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 'Терек' президентлигидан кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1

Чеченистон ҳукуматининг расмий веб саҳифасида хабар берилишича, Рамзан Қодиров ўз хоҳиши билан "Терек" футбол клуби президентлиги вазифасидан кетган.

Ўз истеъфосини шарҳларкан, жаноб Қодиров буни "иши бошидан ошиб ётгани" билан изоҳлаган.

Унинг айтишича, мунтазам равишда клубнинг ички сиёсати билан шуғулланишга вақти йўқдир.

Аммо, Чеченистон президентининг айтишича, ўзининг президентликдан кетиши "Терек"нинг молиявий таъминотига заррача таъсир қилмайди.

Хабарларга кўра, энди клубга Чеченистон Бош вазирининг биринчи муовини Магомед Даудов президентлик қилади.

Жаноб Даудов ўзига билдирилган бу каби ишонч учун миннатдорчилигини изҳор этган.

У, "Янги футбол мавсумига пухта тайёрланиб, яхши натижаларга эришиш учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишга" ваъда берган.

Рамзан Қодиров "Терек"ка 2004 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётганди.

Жаноб Қодиров президент бўлгач, клуб ўз тарихида илк маротаба Россия Олий лигасига чиққанди.

2004/2005 йилги футбол мавсумида эса, УЕФА Кубоги учун мусобақаларда иштирок этганди.

"Терек" президент Қодиров раҳбарлиги остида 2008 йилда Россия Олий лигасида юқори ўнликка кириб, мавсумни 8-ўрин билан якунлаганди.

Бу йилги футбол мавсумида эса, 11 - ўрин билан кифояланган.