Собиқ Шўролар Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталиннинг қизи қазо қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШнинг Висконсин штатидан олинган хабарларга кўра, Светлана Аллилуева ўтган ҳафта 85 ёшида ҳаётдан кўз юмган.

Аввалроқ унинг йўғон ичак саратони билан оғригани хабар берилганди.

Аён бўлишича, собиқ Шўролар лидерининг АҚШда Лана Питерс номи билан яшаб келган қизи Қариялар уйида жон таслим қилган.

Унинг ўлимига оид хабарлар матбуотда анча аввал пайдо бўлган бўлса ҳам, унинг дафн маросимини ташкиллаштираётган маҳаллий ширкат шу кунгача буни тасдиқлашдан бош тортиб келган.

Висконсин штати маъмурларининг айтишларича, Светлана Аллилуева, ҳатто, бундан бир неча ой бурун қазо қилган ҳам бўлиши мумкин.

Унинг ўлимига оид тафсилотларни телефон орқали қизи Ольга Питерсдан ойдинлаштириш уринишлари ҳам иш бермаган.

Светлана Аллилуева

Светлана Аллилуева 1926 йил 28 феврал куни Ленинградда туғилган.

Москва Давлат университетининг филология ва тарих факультетларини тугатган.

Ҳиндистонга сафари чоғида ортга қайтишдан бош тортиб, 1967 йилда АҚШга муҳожират қилган.

Ўша йили унинг илк автобиографик асари босмадан чиққан.

Сталин оиласининг ҳаётидан ҳикоя қилувчи "Дўстимга йигирмата мактуб", деб номланган ушбу китоб қўлма-қўл бўлиб кетади.

Унинг ўз асарида айтишича, "Шахсга сиғиниш - отаси томонидан эмас, партия ва партия сафларидаги карьеристлардан бошланган".

Светлана Аллилуеванинг ёзишича, тарихчилар ушбу факторга кам эътибор қаратишган.

Собиқ Шўролар лидерининг қизи бутун ҳаёти давомида жаъми тўртта китоб ёзган.

У 1970 йилда америкалик меъмор Уильям Питерсга турмушга чиқади ва бир қизчали бўлади.

Орадан икки йил ўтиб, эридан ажрашади. Унинг ажрашиши Америка матбуотида катта шов-шувга сабаб бўлади.

Светлана Аллилуева 1984 йилда СССРга қайтади ва ўз фуқаролигини қайта тиклайди.

Аммо орадан икки йил ўтиб, яна Америкага қайтади.

Саксонинчи йиллар охирларида муайян муддат Англияда ҳам истиқомат қилган.

Жаъми уч бор оила қурган ва яна иккита қиз кўрган.