Туркия: Истанбулнинг "Тўпқопи" саройида ҳужум, яраланганлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Туркия хавфсизлик кучлари Истанбулнинг хорижий сайёҳлар билан ниҳоятда гавжум бўладиган "Тўпқопи" саройида ўт очиб, икки кишини яралаган қуролли шахсни ўлдиришга муваффақ бўлишган.

Ўз вақтида Усмонли султонлар ҳаёт кечирган ушбу тарихий сарой Истанбул марказида жойлашган.

Камида битта милтиқ билан қуролланган ва ўқ-дорили камарини кўксидан ўтказиб олган ҳужумчи сарой очилишидан қисқа вақт ўтмай, ичкарига кириб, хавфсизлик қўриқчиларига қарата ўт очган.

Шоҳидларнинг айтишларича, ўқ очаркан, ҳужумчи "Аллоҳу Акбар", дея қичқирган.

Туркия ахборот агентликларига кўра, ҳодисада бир аскар ва яна бир хавфсизлик қўриқчиси яраланган.

Тезда бир нечта "Тез ёрдам" машиналари етиб келган ва полиция кучлари саройни ўраб олишган.

Улар сатҳдагиларни эвакуация этишган ва ҳудудга қуролли бўлинмалар сафарбар этилган.

Шундан сўнг сарой ичкарисида ўзаро отишмалар бошланиб кетган.

Маълум вақтдан сўнг масъуллар таслим бўлмагани учун, ҳужумчининг отиб ўлдирилганини маълум қилишган.

"Рейтер" ахборот агентлигининг Туркия Ички ишлар вазири Идрис Наим Саҳиндан иқтибос келтиришича, " қуролли шахс 26 ёшли Ливия фуқароси бўлган".

Ички ишлар вазирига кўра, ҳужумчи Туркияга 27 ноябр куни кирган.

Уни бу ишга нима ундагани сабаби ҳозирча маълум эмас.

Туркияда курд, исломий ва сўл қанот жангариларнинг фаол эканликлари айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ