Оврўпо Иттифоқи Эронга қарши жазо чораларини кучайтиришга қарор қилди

Оврўпо Иттифоқи ва Эрон байроқлари
Image caption Эронга нисбатан жазо чораларини қўллаш қарори Теҳрондаги Британия элчихонаси ҳужумга учраши ортидан олинган

Оврўпо Иттифоқи дипломатларининг айтишича, Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар Эроннинг 180 мулозими ва ширкатларига қарши санкциялар қўллашга келишиб олганлар.

Жазо чоралари Брюсселда Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари учрашуви ортидан эълон қилинган.

Санкциялар БМТ Атом Агентлигининг Эрон "ядровий қурол яратишга" алоқадор синовларни ўтказгани ҳақидаги ҳисоботи ортидан олинган.

Ҳисоботни рад этган Теҳрон унинг ядровий дастуридан фақат тинч мақсадлар кўзланганини айтади.

Британия, Теҳрондаги элчихонаси сешанба куни ҳужумга учраши ортидан, янги санкцияларни жорий этиш талаби билан чиққан эди.

Теҳрондан ўз дипломатларини чиқариб олган Британия ҳозирда эронлик дипломатларни мамлакатдан чиқариб юбормоқда.

Брусселдаги учрашув ўнгидан Британия Ташқи ишлар вазири Уиллиям Ҳейг Эронга нисбатан молиявий босимни кучайтириш зарурлигини айтганди.

Оврўпо Иттифоқига аъзо 27 давлат аллақачон Эрон ширкатларига тегишли юзлаб банк ҳисобларини музлатиб қўйган.

Иттифоқ, шунингдек, Эрон газ ва нефть ишлаб чиқариш соҳасига сармоя ётқизишга қарши ва технологик ёрдамларни бартараф этишга қаратилган чораларни маъқуллаган.