Афғонистоннинг Лугар вилоятидаги НАТО базаси ҳужумга тутилди

Афғонистоннинг шарқий Лугар вилоятида амалга оширилган худкушлик ҳужумида камида етмиш киши яраланган ва бир одам қурбон бўлган.

Маҳаллий шифокорлардан бирининг айтишича, улардан тўрт нафарининг аҳволи оғир ва пойтахт Кобулга жўнатилган.

Юк машинаси ёрдамида уюштирилган ҳужумда нишон халқаро кучлар фойдаланган ҳарбий база бўлгани айтилади.

Расмийларнинг айтишларича, бомба жойлаштирилган автомобил Кобул жанубидаги Муҳаммад Оға туманидаги база ташқарисида портлатилган.

Хабар қилинишича, яраланганлардан камида 5 нафари полиция ходимлари, аммо аксарият жабрланганлар тинч фуқаролардир.

Толибон ҳужум масъулиятини зиммасига олган ва кўплаб хорижий аскарлар ҳалок этилганини айтган. Бироқ, НАТО бу иддаоларни рад этган. НАТО воизи Би-би-сига Лугар вилоятидаги базага қарши "битта ҳужум" уюштирилганини тасдиқлаган. У НАТО тарафидан талофатлар йўқлигини айтган.