Россия парламент сайловлари натижалари борасида башоратлар

Image caption Сайловда 'Ягона Россия'нинг ғалабаси, аммо ҳозирги ўринларидан маълум қисмини бой бериши башорат қилинмоқда

Якшанба куни Россияда парламент қуйи палатаси - Думага сайловлар бўлиб ўтади. Владимир Путиннинг иқтидордаги "Ягона Россия" партияси яна бир бор ғалаба қилишига ишонилади.

Аммо, айни пайтда парламентнинг учдан икки қисмини эгаллаган партия бу гал ўз ўринларини йўқотиши ҳам мумкинлигига ишонилади.

Би-би-си The Economist журналининг халқаро масалалар бўйича муҳаррири ва Москва бўлими собиқ раҳбари Эдвард Лукас мазкур башоратлар ҳақидаги фикрини сўраган. Эдвард Лукас: Жаноб Путин ва унинг партияси учун ўта мақбул бўлган бир неча йил аввалдаги вазиятдан аҳвол бир мунча ўзгарган. Ўшанда унинг обрўси ўта баланд эди ва сайловлар ўтмасданоқ натижасини айтиш осон эди. Мен охирги бир неча ҳафта мобайнидаги омма фикрини ўрганиш сўровлари натижалари атайлаб пасайтириб берилмаяптимикан деган фикрга бордим. Яъни, сайловлар натижалари аён бўлган вақти кутилганидан пастроқ бўлгани одамларни ҳайрон қолдирмаслик учун шундай қилинмаяптими, деб ўйладим. Ҳозирда улар Думада Конституцияни ўзгаритиш ҳуқуқини берадиган учдан икки қисм ўринларни оладиларми ё-да, шунчаки аксариятга эришадиларми экани у қадар аҳамиятли эмас. Чунки, Дума аъзоларига нима айтилса, шуни қиладилар. У ердаги бошқа партияларнинг ҳам мустақил йўл тута олишлари савол остидаги масала. Масалан, Жириновскийнинг "Либерал Демократлар"и оҳанги анчайин мухолиф бўлса-да, амалда Кремл йўналишидан кўпда фарқ қилмайди. "Адолатли Россия" эса, Кремл томонидан яратилган партия. Шунинг учун, жаноб Путин фирқасининг қанчалик аксарият билан ғалабага эришишининг аслида у қадар аҳамияти йўқ.

Би-би-си: Сайловчилар, оддий одамларни бугунги Россиянинг сиёсий тизимида ташвишга солаётган асосий масалалари нималар?

Эдвард Лукас: Мустақил омма фикрини ўрганиш сўровлари натижаларига қарасангиз, одамларнинг хафсалалари пир бўлганлигини кўрасиз. "Россия тўғри йўлда бошқариляптими", деган саволга кўплар йўқ, деб жавоб берадилар. "Ижтимоий ҳизматлар яхшиланаяптими", деган саволга ҳам жавоблар бир хил. "Инфраструктура яхшиланяптими?" "Йўқ". "Сайланган вакиллар ҳақиқатан ҳам халқ вакилларими?" "Йўқ". "Маҳкамалар - адолатлими?" "Йўқ". "Коррупция билан боғлиқ аҳвол яхшиланаяптими?" "Йўқ". Хуллас, одамларни қониқтирмаган масалалар жуда кўп. Бу қониқмаслик мамлакат раҳбарияти орасида ҳам бор. Президент Медведевнинг ўзи ҳам коррупция даражаси борасида танқидий чиқишлар қилган. Лекин, бошқа томондан, "мамлакатни бошқа кимдир яхшироқ бошқара оладими-йўқми", деган саволга ҳам ижобий жавоб олмайсиз. Путин-Медведев иккилигининг вақти ўтгани хусусида кўплар ўйламайдилар. Би-би-си: Ана шу манзарада сайловчилар қандай овоз берадилар, деб ўйлайсиз? Истасак-истамасак, бошқаси йўқ-ку, деб мавжуд раҳбарият учун овоз берадиларми ёки кўплар умуман овоз бермасликни танлайдиларми?

Эдвард Лукас: Мухолифат анчайин тарқоқ ва самарасиз. Мухолифатнинг айтаётган нарсаси сайловларга келинглар, лекин сайлов варақасини бузиб тўлдиринглар, ана шу билан норозилик билдириш ҳақида. Яна бир таклиф - "Ягона Россия"дан бошқа ҳар қандай партия учун овоз бериш ва ё кўчаларга намойишга чиқиш. Лекин, мухолифатнинг аксар сайловчиларга ўз сўзини етказиш имконлари жуда кам, чунки телевидениега қўли етмайди. Шунинг учун, Путин жамлоғига бирон зарар етказа олиш имконияти у қадар катта эмас.

Би-би-си: Жаноб Путин жамлоғининг ўзи қандай кампания олиб борди. Сизнинг айтаётганларингиздан келиб чиқсак, бирон жиддий кампания олиб боришга уларда ҳожат ҳам йўқдек...

Эдвард Лукас: Унинг телевидение орқали ташвиқот олиб бориш имкониятлари чексиз. Кўп нарсалар аввалдан режалаб саҳналаштирилган эди: йўлбарс отишдан бошлаб, денгиз тубидан осори-атиқалар топиб чиқиши...Кўпроқ у ўзини ҳақиқий забардаст эркак қилиб кўрсатишга эътибор қаратди. Лекин, бир нарса эътиборга лойиқ. Жаноб Путин яқинда шарқона кураш мусобақаси ниҳоясида ғолибларни қутлаш учун майдонга чиқиб келган вақти, уни тамошабинлар ҳуштак чалиб қарши олишди. Ана шу ҳолат кутилмаган эди. Бу аслида вазият у кутганчалик назорат остида ва рисоладагидек эмаслиги кўрсатарди, менимча. Лекин, йўлдаги пасту баландликлар машина манзилга етиб бормаслигини англатмайди, фақатгина сафар бир оз ноқулайроқ бўлишини англатади, холос.