Афғон болани пичоқлаган британ аскари озодликдан маҳрум этилди

Ҳелманддаги британ кучлари
Image caption 'Афғон фуқароларини ҳимоя қилиш АЙЭСАФ ва Буюк Британиянинг асосий вазифаларидан бири' дейлади

Британия Мудофаа вазирлиги Афғонистонда хизмат қилаётган пайти 10 ёшли болани пичоқлаб қўйган британ аскари қамоққа ташланганини тасдиқлаган.

18 ойга озодликдан маҳрум этилган Даниэл Крук ўтган июн ойида армия сафидан ҳам чиқарилган.

У Ҳелманд вилоятида Ғулом Наби исмли болакайни пичоқлагани тафсилотлари энди ҳарбий маҳкамадаги сўроқ жараёнида ойдинлашган.

Аён бўлишича, аскар боланинг буйраги атрофига милтиқ найзасини урган.

Ҳодиса ўтган йилнинг март ойида юз берган. Маҳкамада у бу ишга қўл уришидан бир кун олдин кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилгани ва шифокор кўригига ҳам борганини айтган.

'Аскарнинг милтиғи мусодара қилинганди'

Эртасига аскарнинг бўлинмаси Над Али туманидаги назорат нуқтасига жўнаб кетган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан милтиғи мусодара қилинган Крук иккита граната ва милтиқ найзаси билан қуролланиб, сафдошлари ортидан кетган.

Прокурорнинг айтишича, у йўлда велосипедда келаётган афғон болаларига дуч келган. Улардан бири Ғулом бўлган ва айтилишича, бола аскардан шоколод сўраб хиралик қилган.

Бунга жавобан Крук "боланинг елкасидан ушлаб, буйрак тарафига милтиқ найзасини урган".

Кейин сафдошларига етиб олган аскар қилган ишини бўйнига олган.

Ҳарбий полиция сўроққа тутган пайти эса, болани нима учун пичоқлаганини тушунтириб беролмаган.

'Бола жароҳатидан ҳали ҳам азият чекади'

Ғулом Набининг отаси - 72 ёшли Ҳожи Шаҳзода Британияда чиқадиган Гардиан газетасига гапираркан, ўғлига нима учун ҳужум қилинганига тушунмагани ва британ кучлари бунинг учун узр ҳам сўрамаганларини айтган.

Дўкондор ва деҳқон Ҳожи Шаҳзодага кўра, Ғулом Наби ҳали ҳам жароҳатидан азият чекади ва ўшандан бери мактабга ҳам чиқолмаган.

У Британия кучлари "Афғонистонда болани пичоқлаш учун эмас, мамлакатни қайта қуриш учун ва исёнкорларни йўқ қилиш учун" ҳозирлигини айтади.

Газетада ёзилишича, Британия ҳарбийлиги 2005 йил январ ойидан то жорий йил мартигача афғон фуқароларини ўлдириш ёки жароҳатлашга оид 99та ҳодиса бўйича текширув олиб борган.

"Афғонистон фуқароларини ҳимоя қилиш АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари ва Буюк Британиянинг асосий вазифаларидан биридир", деб айтган Мудофаа вазирлиги воизи.

Унга кўра, Британия қўшинлари Афғонистонга юборилишидан олдин махсус тайёрловдан ўтказилади ва тушунтирилган тартиб-қоидаларни бузиш ҳоллари тўла текширилади.