Боннда Афғонистонга бағишланган йирик анжуман бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Олмониянинг Бонни шаҳрида Афғонистонга бағишланган йирик анжуман бошланди.

Бундан 10 йил муқаддам, Толибон қудратдан ағдарилганидан сўнг ҳам, худди шу шаҳарда дунё раҳбарлари тўпланиб, Афғонистон келажагини мубоҳаса этишганди.

Ташкилотчилар Афғонистон билан узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик ва мамлакатни қайта қуриш саъй-ҳаракатларини кучайтиришни истайдилар.

Аммо, мазкур масалада асосий ўйинчи ҳисобланган Покистон ўз чегара нуқтасига ўтган ой НАТО томонидан уюштирилган ҳужумга норозилик билдириб, музокараларни бойкот қилган.

НАТО 26 ноябр куни 24 нафар Покистон аскарининг умрига зомин бўлган ҳаво ҳужуми учун узр сўраган.

Қўшма Штатлар ва Ғарб давлатлари узоқ вақтдан бери Покистон Толибон ва Ҳаққоний тармоғи дохил бошқа исёнкорларга бошпана бераётганини айтиб келади. Ҳаққоний чегаранинг Афғонистон тарафига қилинган қатор ҳужумларда айбланади. Толибон билан музокараларчи? 2014 йилга бориб аксар ғарб қўшинлари Афғонистонни тарк этишлари кутиларкан, кўплаб кузатувчилар бу мамлакат билан узоқ муддатли ҳамкорлик ўта муҳим эканини айтишади. Бугунги Бонни анжуманида қарийб 100га яқин давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишмоқда.

Йиғинда қатнашаётган ўнлаб юқори мартабали вазирлар орасида АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ҳам бор.

Айни пайтда Афғонистон шарқидаги Покистон чегараси яқинида жойлашган ҳудудларда қақшатқич жанглар давом этмоқда. Афғонистонда жорий йилнинг ҳозирига қадар 500дан ортиқ НАТО қўшинлари ўлдирилган.

"Бизнинг мақсадимиз - ҳеч қачон халқаро терроризм учун хавфсиз бошпанага айланмайдиган осойишта Афғонистонни барпо этиш", деб айтган Олмония Ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле.

БМТнинг Афғонистон бўйича собиқ махсус вакили Лахтар Браҳими 10 йил олдин 2001 йил АҚШ етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар ортидан қудратдан ағдарилган Толибон билан мулоқотлар томон бориш фикрини билдирганини айтган.

"Биз улар қаерга кетганлари ва нималарни ўйлаётганларини билишга ҳаракат қилишимиз лозим эди. Агар уларда қизиқиш бўлса, жой бера оламизми йўқлигини ўйлаб кўришимиз керак эди", деб айтган жаноб Браҳими Би-би-си билан суҳбатда.

Толибон билан музокаралар бошлаш томон ҳаракатлар бошланган, аммо ҳали аниқ натижаларга эришилмаган.

Миллий ярашув саъй-ҳаракатлари ўтган сентябр ойида собиқ президент Бурҳониддин Раббоний ўлдирилганидан сўнг ортга кетди.

Бурҳониддин Раббоний Кобулнинг исёнкорлар билан тинчлик музокаралари бошлаш ишларига етакчилик қилаётганди. "Айнан ҳозир биз кимга мурожаат қилишни билмаймиз. Тақиллатишимиз учун эшик йўқ", деб айтган Афғонистоннинг Қўшма Штатлардаги элчиси Эклил Ҳакимий ахборот воситаларидан бири билан суҳбатда.