‘Қишлоғимизнинг номи Саддам Ҳусайн бўлиб қолаверсин’

Шри Ланкадаги марҳум Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн номи билан аталган қишлоқ аҳолиси унинг исмини олиб ташлаш режасига қарши намойишга чиқишган.

Аён бўлишича, Саддам Ҳусайн мамлакатининг Шри Ланкага кўмак дастури доирасида ушбу қишлоққа катта ёрдам бериб келган.

Бироқ эҳтиёжманд қишлоқ аҳолисига яна кўмак қўли керак бўлар экан, улар икки танловдан бирини танлаш каби муаммо қаршисида қолишган.

Саддам Ҳусайн қишлоғи

Шри Ланка шарқида Саддам Ҳусайн деган қишлоқнинг борлиги айримларга ғалати туюлса ҳам керак.

Аммо Ироқ собиқ раҳбари ўзларига ўхшаган кўплаб бетараф давлатлар билан яқин муносабатда бўлиб келган.

1978 йилда Шри Ланканинг асосан мусулмонлар истиқомат қилувчи шарқий минтақалари кучли тўфон гирдобида қолади.

Бутунлай вайрон бўлган ҳудудларини қайта тиклаш учун ёрдам сўраб, шри ланкалик икки таниқли мусулмон бошчилигидаги парламент ҳайъати Ироққа, Саддам Ҳусайннинг олдига боришади.

Саддам Ҳусайн 1982 йилда 100 та ҳовлиси, масжиди, мадрасаси ва ўйингоҳи бўлган бутунбошли қишлоқнинг қурилиш ишларини молиялайди.

Шундан сўнг, ушбу қишлоқ Саддам Ҳусайн номи билан аталиб кетади.

Ироқ эса, 1990 йилги биринчи Форс Кўрфази урушига қадар ҳар ой қишлоққа кўмак юбориб туради.

Бошқа бир фожеа

Кейин қишлоқ ўз бошидан яна бир фожеани ўтказади.

Тамил Йўлбарслари қишлоқдан ҳамма мусулмонларни қувиб солишади.

Алал-оқибат яна Саддам Ҳусайн қишлоғига қайтишга муваффақ бўлган аксарият эса Ироқ собиқ раҳбарини инсонпарвар ва Ислом дини курашчиси сифатида кўришади.

Улар ҳозир яна Ироқдан ўзларига кўмак беришини сўрашмоқда.

Ироқлик масъуллар уларга фақат бир шарт билан янги уй-жойлар, масжид ва етимхона қуриб беришга ваъда беришаётир, у ҳам бўлса – Саддам Ҳусайн номини “Ироқ қишлоғи”га ўзгартириш.

Аён бўлишича, маҳаллий ҳокимият билан бу хусусда бир келишувга ҳам эришилган.

Аммо масжид жамоасининг фикри бир ёқадан чиқмаган.

Бунинг ортидан, қишлоқнинг эски номини сақлаб қолиш учун бир гуруҳ қишлоқликлар норозилик намойиши уюштиришган.

Улар Ироқ собиқ раҳбари Саддам Ҳусайнни ҳануз ўз ҳомийлари сифатида кўришларини айтишади.