Саудия уламоси: ‘Аёлнинг машина ҳайдаши бокираликнинг таназзулга учрашидир’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Саудия Арабистонилик таниқли уламо Камол Субҳийнинг огоҳлантиришича, агар хотин-қизларга машина ҳайдаш ҳуқуқи берилса, бу – мамлакатда бокиралик тушунчасининг йўқолишига олиб келади.

Уламо ҳазратлари ўз хавотирлари битилган янги ҳисоботини яна мамлакатнинг анъанадорлиги билан танилган Шўро Кенгашига ҳам тақдим этган.

Ҳисоботда айтилишича, хотин-қизларга машина рулини топшириш фоҳишабозлик, ҳаёсизлик, гомосексуализм ва ажралиш ҳолларининг ортишига олиб келади.

Ўзларига машина ҳайдаш ҳуқуқи берилиши йўлида кураш олиб бориб келаётган саудиялик фаолларга кўра, ҳисобот – “қип-қизилик жинниликдан ўзга нарса эмас”.

Улардан бирининг Би-би-сига айтишича, Шўро Кенгаши хотин-қизларнинг машина рулига ўтиришларига қўйилган норасмий тақиқнинг олиб ташланишига оид ишни барибир кўриб чиқишларига ўзларини ишонтирган.

Норасмий тақиқ

Саудия Арабистонида хотин-қизларнинг машина ҳайдашлари расман ман этилмаган бўлса-да, шундай иш тутишса, ҳибсга олинишлари тайин.

Саудиялик аёллар бунга қарши бир неча бор ўз норозиликларини изҳор этиб, махсус кампаниялар ҳам олиб боришган.

Фаолларнинг айтишларича, бу каби норасмий тақиқ кундалик ҳаётларини қийинлаштириш билан бирга, бегона эркак ҳайдовчига рўбарў қиларкан, ўзларини назорат остида ва ўзга жинс вакилларидан йироқда тутиш уринишлари бемаъниликдан ўзга нарса эмас.

Саудия Арабистонида кечаётган ушбу машмашалар эса, халқаро миқёсда ҳам кучли қизиқишга сабаб бўлмоқда.

Мамлакатдаги айрим хотин-қизларнинг шикоят этишларича, мазкур масала шу қадар ҳам катта эътиборга сабаб бўлганидан, бошқа муҳим муаммолар назардан четда қолиб кетаётир.

Қирол Абдулло мамлакатда ўта эҳтиёткорлик билан олиб бораётган ислоҳотларининг бир қисми ўлароқ, ушбу тақиқнинг бекор қилиниши мумкинлигига ҳам ишора қилганди.

Бу эса, ҳар қандай Саудия подшоҳи таянувчи асосий қудрат манбаи –мамлакатнинг анъанадор диний элитасининг қаҳру ғазабини тоширганди.

Таниқли уламо Камол Субҳийнинг янги ҳисоботидан ҳам мақсад – ана шу тақиқни бекор қилиш режаларини чиппакка чиқаришдир.

Аммо Шўро Кенгашининг берган ваъдасига умид қилиб, Саудия Арабистони хотин-қизлари бир кун келиб, машина рулига бемалол ўтириш орзуларидан ҳалича воз кечишмаган.