Алишер Усмонов"Коммерсант" нашриёт уйи раҳбарларини истеъфога чиқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Алишер Усмонов 2006 йилдан буён "Коммерсант" нинг хўжайини саналади

"Коммерсант" хўжайини Алишер Усмонов "Коммерсант-Холдинг" Акционерлик ташкилотининг бош директори Андрей Галиев ва "Коммерсант-Власт" журналининг бош муҳаррири Максим Ковалскийни эгаллаб турган вазифасидан озод қилинганларини айтган.

"Власти" нинг охирги сони мазмуни Усмоновнинг норозилигига сабаб бўлган.Бир қанча мақолаларни холдинг хўжайини журналист этикасини бузилиши сифатида баҳолаган.

Хабарларга кўра, гап журналда чоп этилган фотосуратлар ичида Бош вазир Владимир Путин шахсига нисбатан сўкиниш сўзлари ҳақида бўлган.

"Бу мақолаларни безорилик дейиш мумкин",-дейилади Усмоновнинг мурожаатида.

Бу жаноб Усмоновнинг таҳририят сиёсатига омма олдида биринчи бор аралашишидир.

Жаноб Усмонов шунингдек "Власти" журналининг бош муҳаррири Максим Ковалскийга нисбатан судга мурожаат қилиниши мумкинлигига ишора қилган.

Нашриётга кўра, "Коммерсант"нашриёт уйининг бош директори Демян Кудрявцев ҳам истеъфо берган.

Жаноб Усмонов унинг аризасини яқин икки ҳафтада кўриб чиқилишини билдирган.

Унга нисбатан қарор нашриёт уйининг келгуси йилги бюджети тасдиқланганидан кейин қабул қилиниши айтилган, деб хабар берган "Газета.ру" сайти.

"Коммерсант" сайтида эса ходимлар ўзгариши ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган.

"Оммавий ташлаганлар ғалабаси"

"Коммерсант-Власт" журналининг охирги сони душанба, 12 декабр куни чиққан бўлиб, 4 декабр куни Россияда бўлиб ўтган Давлат думаси сайловларига бағишланган.

Бош мақола " Оммавий ташлаганларнинг ғалабаси"деб номланган.

Мақолада сайловда овоз бериш пайтида содир этилган кўп сонли қонунбузарликлар ва сохталаштиришлар ҳақида сўз юритилган.

" Бўлиб ўтган сайловлар ва энг аввало "Ягона Россия"нинг шов-шувли паст натижаси шуни кўрсатдики, мамлакат аллақачон ўзгарган ва ҳукумат буни инкор қилиши мумкин эмас",-деб бошланади мақола.

"Власти" журналистлари сайлов бўлинмаларида ишлаган кузатувчилар билан суҳбатлашганлар ва ўзлари ҳам овоз бериш жараёнидаги камчиликларга гувоҳ бўлганлар.

Би-би-си билан суҳбатда Максим Ковалский вазифасидан ўз истаги билан кетмаганлигини айтган:

- Мени ишдан бўшатмасликларини афзал кўрган бўлардим, лекин бўшатишди.

Журналда чоп этилган суратга келсак, бизнинг қўлимизда сайловлар мобайнида қонунбузарликларга йўл қўйилганини кўрсатувчи бюллитен фотосурати бор эди.

Бу бюллитен Лондондаги Россия элчихонасида ташкил этилган сайлов қутисига ташланган.

Унда Яблоко партияси ўнгида катак белгиси қўйилган, бошқалари бўш, бу бюллитен унда бошқа иборалар борми-йўқлигидан қатъий назар қайд қилиниши керак эди.

Лекин уни бекор қилишган. Бу бюллитенда Путин ҳақида нималардир ёзилганининг аҳамияти йўқ. Ковалскийнинг айтишича, журналистик этикасини бузган, дея ўзини ҳисобламайди.

Би-би-си Алишер Усмоновнинг матбуот хизматига мурожаат қилди.

У ердан келган жавобда Алишер Усмоновнинг сўзлари келтирилган:

-Мен учун "Коммерсант" нашриёт уйининг таҳририй сиёсатига аралашмаслик энг принципиал мавқеим бўлиб келган.

Бироқ ахлоқий ва этика андозалари бор ва улар бу ҳолда бузилган эдилар.

Ахборот воситалари безорилик учун майдончаларга айланмаслиги керак, деган Алишер Усмонов.

"Коммерсант" нашриёт уйи "Коммерсант" газетаси асосида 1989 йили ташкил қилинган.

2006 йили тадбиркор Алишер Усмонов томонидан сотиб олинади.

Холдинг "Коммерсант" рўзномаси ва иловаларини, "Коммерсант-Украина","Власт", "Денги","Огонёк" журналларини чиқаради.

"Газета.ру" даги ўзгаришлар

Декабр бошида "Коммерсант" нашриёт уйига қарашли "Газета.ру" нинг бош редактор ўринбосари ҳам вазифасидан бўшаган.

Бунга сабаб, сайтдан Россиядаги ягона мустақил кузатув гуруҳи " Голос" билан ҳамкорликда тайёрланган сайловлардаги қонунбузарликлар ҳақидаги лойиҳанинг олиб ташлангани сабаб бўлган .

Истеъфо берган собиқ редактор Роман Баданин бу ишни " Голос" даги ҳамкасблари, " Газета.ру" даги лойиҳа устида бирга ишлаганлар учун қилганини , уларга панд бериш ўзига маънан тўғри келмаслигини айтган.

Россиядаги намойишлар

Сайлов натижаларига кўра, "Ягона Россия" кўп овоз олганлиги Россияда оммавий намойишларни келтириб чиқарган.

Намойишчилар Марказий сайлов комиссиясининг раҳбари Владимир Чуровнинг истеъфосини талаб қилиш билан бирга, сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш ёки уларни бекор қилиб, янги сайловлар ўтқазишни талаб қилишган.

Москвада дастлабки намойиш 5 декабрда Чистие прудида бўлиб ўтган.

Натижада кўп қатнашчилар ,жумладан ," Бирдамлик " ҳаракатининг раҳбари Иля Яшин ва блог эгаси Алексей Навалний ҳибсга олинган.

Иккаласи ҳам 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Кейинги кун намойишлар Триумфал майдонига кўчган.

10 декабрда Болотной майдонида ўтган намойиш мухолифатнинг кейинги 20 йил ичидаги энг катта намойиши ҳисобланган.

Унда ҳар хил ҳисоб билан 30 дан 60 минггача киши иштирок этган.

Кейинги намойишни 24 декабрда ўтқазиш мўлжалланган.Ташкилотчилар Василев тепалигида 50 минггача кишини йиғишни режалаштиришган.