Ироқ бош вазири Нури ал-Малики АҚШ дан ёрдам сўраган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Нури ал-Малики Америка фирмаларининг имкониятлари Ироқда "чегарасиз"эканлигини таъкидлаган

Ироқ бош вазири Нури ал-Малики Америка тижорат етакчиларидан узоқ йиллик уруш асоратларидан чиқиб олиш учун ўз мамлакатига сармоя ётқизишга чақирган.

Мурожаат Американинг охирги қўшинлари Ироқдан чиқиб кетиши кутилаётган пайтда қилинган.

Вашингтонга расмий сафари давомида қилган чиқишида Нури ал- Малики мамлакатдаги хавфсизлик анча яхшилангани ва энди генераллар эмас, корпорациялар Ироқ келажагида муҳим ўрин тутишини айтган.

Америка чет эл сармоясининг қариийб 10дан ортиқ фоизи ҳозирда Ироқ улушига тўғри келади.

Нури ал-Малики қирқдан ортиқ ироқлик тижорат раҳбарлари билан Вашингтонда бир қатор муҳим расмий ва тижоратга оид ҳужжатларга Америка томони имзо чекишига умид қилмоқда.

Нури ал- Малики жаноблари АҚШ савдо палатасининг йирик вакилларига Ироқнинг нефтидан ташқари яна кўп, хусусан соғлиқни сақлаш, телекоммуникация, қурилиш ва иқтисодий соҳалари ҳам қизиқиш уйғотиши мумкинлигини айтган.

Бу борада Америка фирмаларининг имкониятлари Ироқда "чегарасиз" эканлигини таъкидлаган.

"Иқтисоднинг барча соҳалари Америка тижорати учун очиқ",- деган Малики.

Нури ал- Малики билан душанба куни учрашган АҚШ президенти Барак Обама Ироқ иқтисоди ривожланишига катта умид билдириб, уни Ҳиндистон ва Хитой иқтисодидан ҳам тезроқ ривожланади, деб айтган.

Обама жаноблари кейинги йилдан Ироқда ҳеч қандай Америка кучлари ва базалари қолмаса ҳам, бу мамлакат билан мустаҳкам алоқа сақланиб қолишини билдирган.

Ироққа киритилган чет эл сармояси бу йилда 70 миллиард долларни ташкил қилган.

Лекин Ироқнинг баъзи муҳим нуқталарида ҳалиям хавфсизлик ва бошқариш ишлари чалкашлиги сармоядорларни хавотирга солиб туриши айтилган.