Покистоннинг Карачисидаги мадрасада ўқувчиларни кишанда сақлашган

pakistan Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Озод қилинганларнинг кўпчилиги 20 ёшдан кичик ўсмирлардир

Покистоннинг Карачи шаҳрида полиция диний мактаб-мадраса турмасидан 50 га яқин ўқувчини озод қилган, уларнинг кўпи кичик ёшдаги болалардир.

Энг каттаси 12 ёшдан ошмаган бу ўқувчилар ер остида кишанларда сақланганлар, калтак, очлик ва бошқа қийноқ усуллари билан хўрланганлар.

Кўп ота-оналар бу мадрасага ўзларининг тарбияси қийин, қорадори чекишга ўрганган ва безори болаларини топширишган.

Бу ҳодиса бўйича қидирув ишлари бошланган.

Полицияга кўра, мадрасанинг икки ходими ҳибсга олинган, мадраса раҳбари эса яширинган.

Би-би-си мухбири Ҳасан Казмий озод қилинган ўқувчиларни полиция бўлинмасида кўрган.

Полиция кишанларнинг калитини тополмагани боис, улар ҳали ҳам кишанланган ҳолда бўлганлар.

Ўқувчилар мадрасада ҳукм сурган даҳшатли шароит ҳақида гапириб беришган

Улардан бири 200 марта урилган, бошқаси улардан жиҳодчи қилиш билан таҳдид солишганини, агар қочишга ҳаракат қилса 200 дарра урилиши билан огоҳлантиришганини гапириб берган.

"Мени охирги ойларда ертўлада кишанда сақлашди ва таёқ билан дўппослашарди", - деган Моҳи-уд-дин исмли бола. . Яна бир ўқувчининг айтишича, толиблар мунтазам равишда мадрасага келиб туришган ва ўқувчиларни " жангга даъват қилишган."

Ота-оналар бунга қаршилик қилмаганлар.

Кўп ота-оналар ихтиёрий тарзда бу мадрасага ўғилларини юборишган ва бунинг учун пул ҳам тўлашган.

Улар қамоқ шароити болаларининг ёмон ахлоқини тузатади , деб умид қилишган.

Ҳатто бир неча ота-она Би-би-си мухбири билан суҳбатда ўқувчиларни қочиб кетмасликлари учун кишанда сақлаб, тарбиялаганларидан мамнун эканликларини ҳам айтишган.

" Агар бола ёмон болалар доирасига тушиб қолиб, қорадори чекса, бизда бундай мадрасага юборишдан бошқа иложимиз қолмайди", - деган озод қилинган ўқувчилардан бирининг отаси Муҳаммад Қосим.

Полиция мадраса ҳақида махфий хабарни олгач, душанба куни кечқурун мактабга борган.

"Озод қилинганлар орасида 12 ёшдан 50 ёшгача бўлган пуштун эркаклари бор эди", - деб айтган полиция раҳбари Анвар.

Озод қилинган 50 кишининг камида 18 нафари 20 ёшдан кичик ўсмирлардир.

Покистонда минглаб мадрасалар бўлиб, қариийб икки миллионга яқин ўқувчилар қатнашади.

Лекин ҳукумат бу диний мадрасаларнинг кўпчилиги рўйхатга олинмаганини айтади.

Мамлакатнинг бир қанча туманларида бундай мадрасалар камбағал оила болаларига сабоқ берадиган ягона имконият сифатида кўрилади.

Бундай ҳодисалар аввал ҳам содир бўлган лекин бу қадар катта миқёсда ва бундай катта шаҳарда биринчи марта содир бўлгани айтилган.