BBC navigation

Льеждаги қотилликлар: қотил уйида ҳам жасад топилди

Сўнгги янгиланиш 14 декабр 2011 - 09:25 GMT
Льеж маркази

Льежликлар байрам арафасида юз берган ҳужумдан ларзага келишган

Белгия полицияси Льеж шаҳри марказида ўт очиб, тўрт киши ва ўзини ўлдирган қуролли киши уйида аёл жасадини топган.

Расмий маълумотга кўра, жасад Нуриддин Амронийнинг боғидаги омборхонада топилган.

Амроний сешанба куни Льежнинг одамларга гавжум бозорида қуроллар ва гранаталар билан ҳужум қилиб, Исо Масиҳ таваллуди байрами олдидан савдо қилишга чиққан одамлар орасида ваҳима уйғотган.

Оддий одамлар орасида 125 киши жароҳат олган. Баъзиларининг аҳволи оғир.

Сешанба куни соат 12да Амроний автобус бекатида турган одамларга қарата учта граната отган, юзлаб одамлар ваҳимага тушиб қочганлар.

"У имконқадар кўп одамни ўлдирмоқчи эди. Мен 10 сония ичида тўртта портлаш ва ўқ овозларини эшитдим", деди журналист Николас Жилен.

Ўн беш ёшли бола ҳужум саҳнасида жон берган, 17 ёшли бола ва 75 ёшли аёл эса касалхонада вафот этганлар.

Бир расмий байрам бозори шу куни ҳиёбонида очилиши кутилганини, бироқ ёмон об-ҳаво шароитлари туфайли бошқа кунга кечиктирилганини билдирди.

Амроний ҳужум жойида ўлган, бироқ расмийлар уни полиция отиб ўлдирмаганини айтишди.

Баъзи гувоҳлар у ўз бошига ўқ узиб ўлганини билдиришди.

Бельгия матбуотидаги хабарларга кўра, Амронийнинг уйида топилган жасад унинг қўшнисига ишлаган 45 ёшли аёлга тегишлидир.

"Жасад Амроний наша ўстириш учун ишлатган омборхонадан топилди", деб айтди Льежнинг бош прокурори Седрик Висарт де Бокарм.

Расмийлар Амронийни қотилликларга нима мажбурлаганини аниқлашга уринмоқдалар.

Улар ҳужум асосида сиёсий террорчилик ёки руҳий касаллик ётганига ишонишмайди.

Полиция у ўтмишда гиёҳванд моддалар савдоси ва қурол ишлатишга боғлиқ жиноятлари билан таниш бўлгани, ва охирги ҳужумда якка амал қилганини билдирди.

Тўртинчи қурбон 17 ёшли қиз бўлди - у бир неча соат давом этган жарроҳлик амалиётига қарамай, вафот этди.

Бельгия Ички Ишлар Вазири Жоэл Милке тўрт кишининг аҳволи оғир қолаётганини билдирди.

Льежда бўлган Би-би-си мухбири Матю Прайс ҳужумлар бўлиб ўтган Плас Сан-Ламбер ҳиёбони жамоатчилик учун қайта очилгани, бироқ қон излари, синган ойна бўлаклари ва ўқ қолдиқлари ҳали тўла тозаланмаганини айтади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.