Владимир Путин парламент сайлови натижаларини ҳимоя қилиб чиқди

Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Владимир Путин ҳар йили декабр ойида россияликлар билан жонли мулоқот ўтказади

Россияликлар билан давлат телевидениеси орқали тўғридан-тўғри телефон мулоқоти ўтказган Россия Бош вазири парламент сайлови натижаларини ҳимоя қилиб чиқди.

Владимир Путинга кўра, парламент сайлови натижалари "мамлакатдаги кучларнинг ҳаққоний мувозанатини кўрсатади".

Ўтган шанба куни Москвада бўлиб ўтган кўп сонли аксил-мухолифат намойишлари ҳақида фикр билдирар экан Россия бош вазири инсонларнинг кўчаларга чиқиб, ўз фикрларини билдиришига қарши эмаслиги, аммо ҳар қандай чиқиш қонун чорчўбасида бўлиши лозимлигини айтди.

У, шунингдек, мухолифатнинг эътироз рамзига айланган оқ ленталарни презирвативларга тенглаштирди

"Мухолифатнинг норози бўлишида ҳеч қандай янгилик йўқ - бу ҳар доим бўлган, мухолифат [...] ҳокимият учун курашади ва ҳокимиятда бўлганларни сиқиб чиқариш учун ҳамман нарсадан фойдаланади. Мухолифат сайловлар ҳаққоний ўтмагани ҳақида доимо гапиради. Бу ҳар доим, барча мамлакатларда бўлган, унинг қайси шаклда акс этиши эса - сиёсий маданият масаласи", - деб айтди Владимир Путин.

Телевизион дастур бошловчисининг сайловлардаги сохталаштиришлар ҳақидаги саволига жавоб бераркан жаноб Путин "сайловлар мамлакатдаги кучларнинг ҳаққоний мувозанатини кўрсатади", деб айтди.

Владимир Путин "Ягона Россия" партияси ҳокимиятни сақлаб қолганидан мамнун эканини билдирди.

Президентликка ўз номзодини илгари суришини билдирган жаноб Путин президентлик сайлови пайтида барча сайлов участкаларига веб-камералар ўрнатишни таклиф қилди.

Бироқ, рус мухолифати сохталаштиришлар сайлов участкаларида эмас, балки овозларни ҳисоблаш жараёнида юз берганини даъво қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ