Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳридаги тартибсизликларда 10 кишининг ҳалок бўлгани айтилмоқда

kazakh
Image caption Етти ойдан бери жанаўзенлик нефтчилар ўзларининг ҳақларини талаб қилиб, намойишлар ўтқазишади

Тартибсизликлар Мустақиллик куни байрами тантаналари пайти бошланган, нефтчиларнинг намойиши полиция кучлари билан тўқнашувга айланиб кетган.

Шаҳар расмийларининг хабарига кўра, тартибсизликлар қатнашчилари иш кийимида бўлишган.

Қўлларида таёқлар, металл бўлаклари ва ёқилғи солинган шишалар бўлган.

" Олинган хабарларга кўра, тартибсизликлар пайтида 10 киши ўлган, шунингдек,ярадорлар, уларнинг ичида полиция хизматчилари ҳам бор",- деб тасдиқлаган Қозоғистон Бош прокурори Асхат Даулбоев Остонада бўлиб ўтган матбуот йиғинида.

Айни пайтда, "Ижтимоий ҳаракат" қозоқча веб саҳифаси ўнлаб ўлганлар ва юзлаб ярадор бўлганлар ҳақида хабар берган.

"Касалхоналар келаётган ярадорларга ёрдам беришга улгуролмай қолган",- деб ёзган веб саҳифа. Маҳаллий гувоҳларга кўра, тартибсизликлар пайтида шаҳардаги байрам безаклари бузиб ташланган, автобус ёндирилган, давлат бинолари ва меҳмонхоналарга ўт қўйилган.

Тартибни сақлаш мақсадида Жанаўзен шаҳрига куч ишлатар кучлар йўналгани хабарларда айтилмоқда.

Қозоғистоннинг Каспий денгизи бўйида жойлашган Жанаўзен шаҳрида 100 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Шаҳар асосан нефт ва газ қазиб олиш ортидан даромад кўради.

Бир гуруҳ нефтчилар маошларнинг камлигидан шикоят қилиб, шу йилнинг май ойида намойишга чиққан.

Компания уларнинг талаби ноўрин эканлигини айтиб, маҳкама орқали ишга чиқмаганлиги сабаб ишдан бўшатган.

Етти ойдан бери нефтчилари ўзларининг қайта ишга олиниши ва маошлари кўтарилишини талаб қилиб, Жанаўзен шаҳрининг марказий майдонида пикет ўтказиб келмоқда.