Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир қазо қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1
Image caption Хабарларга кўра, Шимолий Корея раҳбарининг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган

Шимолий Корея давлат телевидениеси мамлакат лидери Ким Чин Ир оламдан ўтганини маълум қилган.

Хабарларга кўра, 69 ёшли жаноб Кимнинг ўлимига "жисмоний ва ақлий зўриқиш" сабаб бўлган.

Шимолий Корея раҳбари 69 ёшда эди.

Қоп-қора мотам либосида бўлган сухандоннинг кўзларида ёш билан эълон қилишича, ҳодиса ўтган шанба куни юз берган.

Аён бўлишича, Ким Чен Ир пойтахт Пхеньян ташқарисидаги туманга сафар қилаётган бўлган.

Шимолий Корея ахборот агентлигининг билдиришича, жаноб Ким юрак хуружига учраган.

У 1994 йилда отаси Ким Ир Сеннинг ўрнига қудратга келган ва ўшандан буён мамлакатни бошқариб келаётганди.

Ворис "ўртоқ Ким"

Қарийб бир йилдан бери Ким Чен Ирнинг вориси ҳали 30 ёшга ҳам кирмаган кичик ўғли Ким Чен Ун бўлиши ҳақида гап-сўзлар юрарди.

Энди эса, Шимолий Корея ахборот агентлиги бутун халқни ёш Кимнинг атрофида жипслашишга чақирган.

Хабарларга кўра, Ким Чен Ирнинг дафн маросими 28 декабр куни пойтахт Пхеньянда бўлиб ўтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP PHOTO KCNA VIA KNS
Image caption Ким Чен Ирнинг ўрнини кичик ўғли эгаллаши кутилмоқда

Дафн маросимини уюштириш ҳайъатига Ким Чен Ун бошчилик қилиши айтилади.

Янгилик эмас

Шимолий Корея раҳбарининг соғлиғи яхши эмас эканига оид гап-сўзлар анча вақтдан буён юрганди.

Ким Чен Ир 2008 йилда инсульт ўтказган ва узоқ вақт жамоатчиликка кўриниш бермай кетганди.

Мухбиримиз Люси Уильямсоннинг хабар беришича, шунда ҳам, "қадрли раҳбар"ларининг ўлими Шимолий Кореяни ларзага солиши тайин.

Расмий Сеулнинг билдиришича, мамлакат қуролли кучлари ўта шай аҳволга келтирилган.

Шимолий Корея Миллий Хавфсизлик Кенгаши эса, фавқулодда йиғинга ҳозирлик кўрмоқда.

Оқ Уй ҳам Ким Чен Ирнинг ўлимига оид хабарларни яқиндан кузатиб турганлигини билдирган.

АҚШ ҳукуматининг билдиришича, "Корея ярим оролида барқарорлик, иттифоқчиларининг эркинлиги ва хавфсизлиги ғоясига содиқ қолишади".

Шимолий Корея раҳбарининг ўлими ортидан, Осиё фонд биржаларида ҳиссалар нархлари туша бошлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ